Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари – хавфсизлик кафолати
13:32 / 2022-03-18

Бухоро вилоятида жорий йил якунига қадар қорамоллар бош сонини 1 миллион 350 минг бошга, гўшт маҳсулотларини етиштиришни 315 минг тонна, сутни 1,2 миллион тонна, тухумни 625 миллион дона, парранда гўштини 51,5 минг тонна ва балиқ етиштиришни 45 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

– Чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш учун асосий озуқабоп экин ерлари майдони 41,4 минг гектарга етказилиб, иқтисодий самарасиз, паст ҳосилли пахта-ғалла майдонларида ҳар йили алмашлаб экиш орқали 15 минг 850 гектарга беда экилмоқда, – дейди вилоят “Чорванасл” маркази раҳбари Н.Раҳматов. – Қоровулбозор, Ромитан, Пешку, Жондор, Олот ва Қоракўл туманларида фойдаланишдан чиқарилган ер майдонларини ўзлаштириб, қўшимча 12 минг гектар озуқа экин ер майдонларига йўналтириш кўзда тутилган. Жумладан, бедадан ҳар гектар майдондан 180-200 центнер, макка силос учун 550-600 центнер, маккажўхори дони учун 60-80 центнер, арпа учун 40-60 центнер, жавдар учун 60-80 центнер, хашаки лавлаги учун 200-250 центнерга ҳосилдорликни ошириш ҳисобидан бир шартли молга ўртача 12-13 озуқа бирлиги ҳисоб-китоб қилинган. Озуқабоп экинларнинг серҳосил навларини кўпайтириш, йил давомида 2-3 марта ҳосил олиш ва ҳосилдорликни 1,4 баробарга ошириш таъминланади.

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги “Бухоро агро кластер чорва” МЧЖ томонидан 2021 йилда умумий қиймати 70 миллиард сўмлик 2 минг 500 бош наслли қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси ташкил этилди. Ҳозирда мингга яқин голштейн зотли сигирлар 30 литрдан сут бермоқда. Тумандаги 510 хонадонга наслли қорамоллар тарқатиб берилди. Сут ва гўшт кооперациясини ташкил қилиш натижасида 510 нафар ишсиз фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди ва оилавий даромади ошди.

Бухоро шаҳрида сут маҳсулотларини Италия технологияси асосида қайта ишлаб, ички бозорда арзон нархда сотиш йўлга қўйилган.

Чорва молларига ветеринария ва наслчилик хизматлари кўрсатиш ҳисобига ўтган 3 йил давомида 3 авлодда ёки мавжуд 1,3 миллион бош қорамолдан 785,6 минг боши ёки 63 фоизининг зоти яхшиланиб, наслли молга айлантирилган.

Вилоятда кейинги 3 йил мобайнида 104 та замонавий 300-500 бош наслли қорамолларга мўлжалланган чорвачилик комплекслари янгидан қурилиб ишга туширилди. Натижада бу хўжаликларда 50 мингдан ортиқ наслли қорамоллар парваришланмоқда. Шундан, сут йўналишида бир бош наслли сигирдан ўртача 29,5 литр сут соғиб олинаётган бўлса, бўрдоқичилик йўналишида 1,5 – 1,8 кг вазн олишига эришилмоқда.

Вилоятдаги 10 та пахта тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари томонидан ўз базасида минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини қуриб ишга тушириш режалаштирилган. Минг бошдан наслли қорамолларни аҳолига кооперация усулида етказиб бериш ва сут-гўшт маҳсулотларини сотиб олиб, қайта ишлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Зариф Комилов, ЎзА