Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Сергели тумани бўлими мутахассислари томонидан туман кўчалари бўйлаб ўтказилган рейд тадбирида номаълум шароитларда тайёрланган, сифат ва хавфсизлиги кафолатланмаган морс ва квас салқин ичимликларининг ноқонуний савдоси аниқланди.
Маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари, идиш қопқоқлари муҳрланмагани, сотувчи тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда фаолият юритаётгани ва маҳсулот қуёш тиғида сақланаётгани маълум бўлди.
Истеъмол учун хавфли бўлган 480 литр морс ва 440 литр морс ва квас салқин ичимликлари савдодан олиниб, бракераж қилинди. Сотувчиларга номаълум шароитда тайёрланган, сифат ва хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотлар савдосига қўйилган тақиқлар юзасидан огоҳлантиришлар берилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ёз фаслида ҳароратнинг юқори бўлиши озиқ-овқат маҳсулотларида бактериялар тез кўпайишига олиб келади. Айниқса, сут маҳсулотлари, тухум, гўшт, парранда, балиқ, қандолат ва мевалар нотўғри сақланса, улар орқали заҳарланиш ҳолатлари юзага келиши мумкин. Энг катта хатолардан бири, тайёр таомларни хона ҳароратида узоқ сақлаш ва хом сут истеъмол қилишдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 600 миллионга яқин инсон сифатсиз ёки сифати бузилган овқат истеъмоли оқибатида касалланади.
Ўзбекистонда 2025 йилнинг дастлабки 5 ойи давомида овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ 14 та ҳолат қайд этилган. Уларда жами 42 нафар фуқаро жабрланган, шулардан 17 нафари болалардир. Аксарият ҳолатларда уйда тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида ботулизм касаллиги келиб чиққан. Демак, бу борада аҳоли хабардорлигини ошириш, айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб.
Кўпинча истеъмолчилар овқат маҳсулотининг сифатини баҳолаш имконига эга эмас. Доим ҳам маҳсулотнинг қаердан келгани, қанчалик янги экани ёки қандай шароитда сақлангани ҳақида тўлиқ маълумот олишнинг имкони бўлмайди. Боиси, бундай маълумотларни ошхона ва кафеларнинг барчаси ҳам тақдим этавермайди. Демак, бундай вазиятда хавф янада ортади.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда сўнги йилларда жамоат овқатланиш жойларида маҳсулот сифатини назорат қилиш бўйича бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда, ҳуқуқий базани кучайтиришга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилда таълим муассасаларида озиқ-овқат хавфсизлигига доир муҳим ҳужжатларнинг қабул қилингани кичик бир мисолдир.
Бу масалага бевосита масъул ташкилот саналган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан 2024 йилда мамлакат бўйлаб 20 минг 184 та умумий овқатланиш корхонасида текширув ўтказилган. Улардан 1 минг 512 тасида қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган.
Бир нарсани унутмаслик керакки, биргина овқатланиш шохобчасининг санитария талабларига жавоб бермаслиги ўнлаб, юзлаб инсонларнинг саломатлигига хавф туғдириши мумкин. Аниқланган 1 минг 512 та қонунбузилиш ҳолатлари эса ўз вақтида янада кўпроқ истеъмолчи саломатлиги хавф остида бўлганини англатади. Муҳими, текширувлар натижасида рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатлар бартараф этилиб, кўплаб инсонлар саломатлигига зарар етишининг олди олинган.
Аммо фақат давлат органларининг назорати билан муаммони тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Ҳар биримиз истеъмол қилаётган маҳсулотларимиз сифати ҳақида хабардор бўлишимиз, шарт-шароитларга эътибор қаратишимиз ва шубҳали таомларни истеъмол қилмаслигимиз лозим. Бу, нафақат ўз саломатлигимиз, балки оила аъзоларимиз, айниқса, фарзандларимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш демакдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА