Кейинги йилларда янги уй-жойлар барпо этилаётгани билан бир қаторда, ички бозорга зарур бўлган замонавий мебель маҳсулотларига ҳам талаб ортиб бормоқда.
Бу эса ўз навбатида мебелсозлик саноати маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро стандартлар асосида ишлашга йўналтириш, рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар тайёрлашга рағбатлантириш заруратини юзага келтирмоқда.

Бугунги кунда ҳудудларда ҳунармандчилик, хусусан, уста дурадгорлик асосида ташкил этилаётган замонавий мебель ишлаб чиқариш цехлари иқтисодиётда муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Кўп йиллик тажриба, ўз устозларидан олган сабоқ ва меҳнатга садоқат туфайли бу йўналишда фаолият юритаётган меҳнатсевар инсонлар нафақат оилавий даромад манбаига эга бўлмоқда, балки маҳаллий аҳолига ҳам иш ўринлари яратиб бермоқда.
Бухоро вилояти Олот туманининг олис “Соинқоровул” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган Казимбек Шарипов Туркияда мебель ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритиб, уста ҳунармандлардан касб сирларини пухта ўрганган. Ватанига қайтгач эса, турли мебель цехларида ишлаб, ўз маҳсулотлари билан мижозлар эътиборини қозонган.

Маҳалла кўмагида 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, ушбу маблағ эвазига хориждан замонавий технологиялар харид қилди. Бу техник жиҳозлар ёрдамида ҳозирда хонтахта, ошхона мебеллари, юмшоқ ва қаттиқ мебеллар ишлаб чиқариб, маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда.
– Аслида бу касбни Туркияда ишлаган пайтларимда устозларимдан пухта ўрганганман. Кейинчалик ўз юртимда ҳам бу ишни давом эттириб, бугунги кунда икки нафар шогирдим билан бирга фаолият юритяпмиз. Уларга нафақат касб сирларини, балки дизайн, маҳсулот сифатига бўлган ёндашувни ҳам ўргатяпман, – дейди уста Казимбек Шарипов.

Бугунги кунда цехда ишлаб чиқарилаётган мебеллар ўз сифати ва нафис кўриниши билан харидорлар эътиборини қозонмоқда. Мижозлар талабларига мувофиқ тайёрланаётган махсус буюртмалар асосида замонавий, мустаҳкам, функционал ва эстетик мебеллар ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, ошхона гарнитурлари, ётоқхона тўпламлари, юмшоқ мебелларга бўлган талаб ортиб бормоқда.
Казимбек Шариповнинг айтишича, Хитой давлатидан келтирилган замонавий ускуна ва станоклар маҳсулот тайёрлаш жараёнини анча тезлаштириб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.