Сирдарё вилоятида 2009 йилда ташкил этилган Ўзбекистон – Хитой “Пенг-Шенг” қўшма корхонасининг асосий фаолияти халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга сотишдан иборат.
Корхонада йирик шохли қорамол териси қайта ишланиб, тайёр табиий тери маҳсулотлари, бир неча турдаги замонавий қурилиш материаллари (девор ва пол учун кафель, керамик плиталар) билан бирга терига қайта ишлов берилиб, оқсил қисмидан желатин, шунингдек, сантехника маҳсулот турлари, аёллар пойабзали ҳамда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Шу билан бирга, корхонада пахта чигитини плёнка остига экиш учун мўлжалланган 4 ва 6 қаторли сеялкалар йиғилмоқда, мармар тошлар қайта ишланиб, жило ва шакллар берилиб, 40 хилдан зиёд маҳсулотлар тайёрланиб, қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, шунингдек, Хитой, Россия ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда. Ҳозир йиллик экспорт ҳажми 35 миллион доллардан ортиқни ташкил этади.
[gallery-15598]
Бугунги кунда қўшма корхонада жами 2000 нафарга яқин ишчи меҳнат қилади. Улардан 1800 нафари маҳаллий аҳоли вакиллари бўлиб, ишчиларнинг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Яқинда корхонада 2 та янги инвестицион ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушиш арафасида турибди. Бу лойиҳа ишга тушгач, маҳсулот турлари сони ортади ва юздан зиёд доимий иш ўринлари яратилади.
Экспортчиларни имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, корхонага Европада ишлаб чиқарилган кимёвий моддалар ва бўёқларни харид қилиш имкони яратилди. 2017 йилда корхона жами 4,3 миллион долларлик экспорт қилган бўлса, у даврда тайёр чарм умуман йўқ эди. 2023 йилда жами 14 миллион долларлик экспортдан 63 фоизини тайёр чарм маҳсулоти ташкил қилди.
Бундан ташқари, корхона томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги 30 дан ортиқ пойабзал ва чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга тайёр чарм етказиб берилиб, ишчи-ходимлар ўз навбатида ички бозорга ҳамда экспортга пойабзал етказиб бериш билан шуғулланмоқда.
Корхонада 2010 йилдан бери тери хомашёсини қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилган. Экспортчиларни имтиёзли кредитлар билан таъминлаш Европада ишлаб чиқарилган кимёвий моддалар ва бўёқларни харид қилиш имконини берди. Бунинг натижасида ишлаб чиқарилаётган чармлар энг юқори стандарт талабларига жавоб бермоқда. Корхона раҳбарияти “Ўзчармсаноат” уюшмаси кўмагида Шанхай, Милан, Москва шаҳарларида ўтказилган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, тайёр чарм экспорти бўйича шартномалар имзолаган.
Келишувга биноан Ўзбекистон ҳудудидаги 30 дан ортиқ пойабзал ва чарм-атторлик буюмларини ишлаб чиқарувчи корхонага “Пенг-Шенг”дан тайёр чарм етказиб берилади. Корхонанинг асосий мақсади юқори қийматли тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт салмоғини кескин оширишдир.
Шуҳрат Суяров, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари