French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли маҳсулотлар экспорт қилинмоқда
11:36 / 2026-02-20

Андижон туманидаги “Техно-инноватор” масъулияти чекланган жамияти пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни кунда корхонада 200 дан ортиқ турдаги пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

– Корхонамиз 2007 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Хитой давлатининг замонавий технологиялари асосида иш олиб борувчи корхонада импорт ўрнини босувчи пластмасса маҳсулотлари, шунингдек, Асака автомобиль заводида ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун бир неча турдаги пластмасса эҳтиёт қисмлари тайёрланади. Биргина ўтган йилнинг ўзида корхонада умумий қиймати 45,1 миллиард сўмга тенг бўлган 7,5 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу жумладан, 1 миллион 210 минг долларлик маҳсулот қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди, – дейди “Техно-инноватор” МЧЖ таъсисчиси Фарҳодбек Мирзаев. 

Ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот сифати ва турини ошириш борасида кейинги йилларда корхонада эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилда Хитойдан қиймати 674 минг АҚШ долларига тенг 5 хил турдаги,  2025 йилда эса 790 минг АҚШ доллари қийматдаги 4 хил турдаги “термопласт дастгоҳи”, бир неча турдаги қолип олиб келиниб, ишга туширилди. Натижада корхонанинг имкониятлари янада кенгайди, маҳсулотлар сифати ортди. 

[gallery-27763]

Айни кунда корхонада 125 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур барча шароитлар яратилган. Хусусан, дам олиш хонаси, тиббий пункт, бепул тушлик ташкил этилган.

Бундан ташқари, қатор техникумлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, “Корхона-таълим муассасаси” ҳамкорлиги асосида ўқувчиларга назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаши учун шарт-шароитлар яратилган. 

Таъкидлаш керак, раҳбариятнинг изланиши, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, ишчи-хизматчиларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар корхона эришаётган ютуқларнинг асосий омили бўлмоқда. 

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.