French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли кабель маҳсулотлари — экспортга
18:17 / 2026-02-12

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Араб” кичик саноат зонасида ташкил этилган “Wire Cable Sistem Group” хусусий корхонасида бугунги кунда 100 турдан ортиқ кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 120 миллиард сўмни ташкил этади.

2022 йилда 15 миллиард сўм инвестиция асосида фаолиятини бошлаган корхонада ҳозирда 40 нафарга яқин маҳаллий аҳоли меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнига хориждан олиб келинган замонавий технологиялар жорий этилган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида хомашёнинг салмоқли қисми ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларидан харид қилинмоқда.

[gallery-27628]

Жаҳон андозаларига мос маҳсулотларнинг катта қисми экспортга йўналтирилган. Хусусан, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон бозорларида корхона маҳсулотлари харидоргир бўлиб улгурган. Ўзаро келишувларга кўра, яқин вақт ичида Афғонистонга ҳам экспортни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизнинг 12 та вилоятида савдо нуқталари ташкил этилган бўлиб, барча турдаги кабель маҳсулотлари улгуржи нархларда етказиб берилмоқда.

— Яқин истиқболда ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш мақсадида саноат зонасидан қўшимча 2 гектар ер майдони олишни режалаштирганмиз, - дейди корхона раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Элмурод Насимов. — Жорий йилнинг иккинчи чорагида мисни эритиш ва қайта ишлаш цехини ишга туширишни кўзламоқдамиз. Айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Мазкур лойиҳа учун корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўм инвестиция йўналтирилади.

Тадбиркор таъкидлашича, яратилаётган имкониятлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Яқинда электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида янги трансформатор ўрнатилди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА