Бухоро вилоятида пахтачиликни ривожлантириш ва мавжуд чигит экиладиган майдонлардан юқори ҳосил олиш мақсадида техника ва механизмларни таъмирлаб, шай қилиш каби агротехник ишларга жойларда агрокластерлар ва улардаги ишчи мутахассислар отрядлари жалб қилинган.
Ҳозирда мавжуд 200 дона юқори унумдор “CASE-1200” русумли чигитни қўшқатор усулда, 66 х 10 ўлчамдаги схемада экиш учун “UzCASEservis” қўшма корхонаси мутахассислари томонидан реконструкция қилиниб, қайта тайёрланди. Тажриба ўзини оқлагани ва бу услубда юқори ҳосил хирмони яратилгани боис, хорижий қўшма корхона мутахассислари томонидан жорий йилда 173 та юқори унумдор экиш механизмини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланган.

Айни пайтда вилоят миқёсида пахтачилик ва тўқимачилик кластерлари тасарруфига ўтказилган техника парклари томонидан чигит экиш мавсумида қатнашадиган жами 225 та 76х14 ўлчамдаги қўшқатор схемага ўтган йили мослаштирилган “CASE-1200” русумли юқори унумдор 52 та экиш механизмидан ҳам фойдаланилади. Қолаверса, мавжуд 2 мингтадан ошиқ ҳайдов ва чопиқ трактори, 400 тадан ошиқ культиватор, 450 дан ошиқ чизель, 12 мингтадан ортиқ борона механизмларини қайта техник кўрикдан ўтказиш ва созлаш жараёни бошланган.

Жорий мавсумда янги ўлчамга мослаштирилаётган юқори унумдор экиш механизми сони Бухоро ва Шофиркон туманларида 23 тадан, Вобкент ва Жондор туманларида 20 тадан, Ғиждувон туманида 21 та, Ромитан туманида 18 та, Когон туманида 15 тани ташкил этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.