Бу ҳақида Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Матбуот анжуманида шунингдек, “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан 2025 йил январь-сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида амалга ошириладиган долзарб вазифалар” тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилишича, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ушбу даврда мамлакат бўйлаб амалга оширилган кенг қамровли текширувлар натижасида соҳада қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, маҳсулотлар сифатини ошириш ва ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган.
– Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Назорат инспекцияси мутахассислари томонидан 442 та корхонада давлат назорати тадбирлари ўтказилди, – дейди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Назорат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Суҳбат Ниёзов. – Натижада 492 турдаги маҳсулот текширилиб, 451 таси (91,6 фоиз) номувофиқ деб топилди. Бу орқали 8,8 миллиард сўмлик маҳсулотлар стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Шунингдек, 28 477 та ўлчаш воситасидан 21 035 таси (73,8 фоиз) қиёсланмаган, 69 та ўлчаш воситаси эса умуман яроқсиз ҳолатда эканлиги маълум бўлди.
[gallery-25908]
Аниқланган ҳолатлар асосида 62 та корхона томонидан 570,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар сертификат талабларига зид равишда сотилгани аниқланди. Шунингдек, 48 турдаги маҳсулот техник регламент ва стандартлар талабларига мос келмаган.
Соҳалар кесимида энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари озиқ-овқат (29,9 фоиз), қурилиш (32,5 фоиз) ва енгил саноат (29 фоиз) тармоқларида қайд этилди.
Аниқланган қонунбузилишлар бўйича 429 нафар масъул шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида баённомалар расмийлаштирилди.
Шу билан бирга, 122 та корхонага нисбатан 305,3 миллиард сўмлик молиявий жарималар қўллаш учун ҳужжатлар тайёрланди.
Маъмурий жарималар бўйича 402 нафар шахсга нисбатан 289,6 миллион сўм жарима белгиланиб, 145,6 миллион сўм ундирилди.
Молиявий жарималар бўйича 82 та корхонага 171,7 миллиард сўмлик талабнома юборилиб, 64 та субъектдан 748,6 миллион сўм ундирилди. Суд орқали 31 та корхонадан 62,8 миллиард сўм ундириш ҳақида қарор чиқарилди.
Назорат тадбирлари барча ҳудудларда амалга оширилиб, қатор муҳим натижалар қайд этилди. Тошкент шаҳрида ўтказилган 43 та текширувда 207 маҳсулотдан 199 таси номувофиқ, Фарғона вилоятидаги 29 та текширувда 33 маҳсулотдан барчаси номувофиқ, Бухоро вилоятидаги 38 та текширувда 56 маҳсулотдан 54 таси номувофиқ деб топилди. Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланган.
Бу кўрсаткичлар маҳсулот сифати ва стандартларга риоя этиш масаласи ҳали ҳам юқори даражада эътибор талаб этаётганини кўрсатади.
Қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида 15 891 та тадбиркорлик субъектига огоҳлантириш хатлари ва тарқатма материаллар юборилди. Бу орқали тадбиркорлар ўртасида соҳавий қонунчилик талабларини тушунтириш ва хабардорликни ошириш мақсад қилинган.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Ҳукумат топшириғи асосида 2025 йил бошидан буён 2 161 та сертификатлаш ҳужжат тўплами таҳлил қилинди. Шундан 290 тасида камчиликлар аниқланиб, бартараф этиш учун қайтарилди.
Шунингдек, сертификатлаштириш соҳасидаги 76 та идора фаолияти таҳлил қилиниб, аниқланган 656 та камчилик асосида 26 та идорага нисбатан сертификатларни бекор қилиш чоралари кўрилди.
Жорий йилда лабораторияларнинг техник жиҳатдан малакалилигини баҳолаш ва тасдиқлаш бўйича 587 та корхона ва ташкилот билан 13,8 миллиард сўмлик шартнома имзоланди.
Шундан 470 та корхона 10,6 миллиард сўмлик тўловни амалга оширди.
441 та лаборатория текширилиб, 379 тасига малакалилик гувоҳномаси берилди, 21 та корхона эса белгиланган муддатда камчиликларни бартараф этмагани сабабли рад этилди.
Шаҳноза Mаматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА