Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Сифат менежменти тизими - тараққиёт мезони” мавзуида Бутунжаҳон сифат кунига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Маълумки, Бутунжаҳон сифат куни ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида нишонланади. Ушбу байрам дунёда биринчи марта 1989 йил 9 ноябрь куни БМТ кўмагида Европа сифат ташкилоти - ЕСТ ташаббуси билан нишонланган.
Бутунжаҳон сифат кунининг асосий мақсади юқори сифатли маҳсулот ва хизматларнинг аҳамиятини ошириш, сифатга эришишдаги муаммоларга эътиборни қаратиш ҳамда тадбирларни фаоллаштиришдан иборат.
Сифат бу нафақат одамлар ва атроф-муҳит учун, балки маҳсулотларнинг хавфсизлиги, истеъмолчиларнинг сўровларини ва талабларини белгилайдиган муҳим мезон ҳисобланади.
Талаба-ёшларнинг сифат менежменти ва унинг афзалликлари ҳақидаги тушунчаларини илмий жиҳатдан янада мукаммал ўрганиш ва ишлаб чиқариш корхоналарида қўллаш бўйича амалий кўникмалари эгаллаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Стандартлар институти, корхона ва ташкилот-ларнинг мутахассислари, олимлар, педагог ходимлар, талаба-ёшлар иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари томонидан тўқимачилик ва енгил саноат корхоналаридаги сифат менежментини яна такомиллаштириш бўйича инновацион фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Илмий-амалий семинарда иштирокчиларга замонавий шароитда сифат тушунчаси, инновацияларни амалга оширишда сифатнинг ўрни каби мавзуларда тушунчалар берилди. Сифат бу корхона, ҳар бир саноат ва албатта, ҳар бир мамлакатнинг ривожланишида муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Тадбирда фаол иштирок этган талабалар рағбатлантирилди.
Абдусаттор АБДУГАФФАРОВ,
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти