Бугунги кунда мамлакатимизда сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ишлаб чиқариш жараёнида белгиланган қоидаларни четлаб ўтишга уринаётган тадбиркорлар ҳам учраб турибди.
Хусусан, Хоразм вилояти инспекторлари томонидан Шовот туманида фаолият юритувчи, қурилиш учун мўлжалланган қуруқ қоришма (шпатлевка) ишлаб чиқарувчи “Ж.Қ” МЧЖда (номи ўзгартирилган) ўтказилган давлат назорати тадбири ушбу соҳадаги бир қатор камчиликларни фош этди.
Текширув давомида маълум бўлишича, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг мувофиқлиги расман тасдиқланмаган бўлса-да, қадоқларда қонунга зид равишда мувофиқлик белгисидан фойдаланиб келинган. Бу ҳолат нафақат амалдаги қонунчиликка зид, балки истеъмолчиларни чалғитиш ва уларга сифати кафолатланмаган маҳсулотни тақдим этиш демакдир.
Бундан ташқари, корхонада маҳсулотлар тегишли тартибда тамғаланмагани, даврий синовлар ўтказилмагани ва энг ачинарлиси, маҳсулотлар ҳеч қандай сифат гувоҳномасисиз реализация қилингани аниқланди. Шунингдек, технологик жараёндаги ўлчаш воситаларининг давлат қиёсловидан ўтказилмагани маҳсулот таркиби ва сифатининг барқарорлигига шубҳа туғдиради.
Қайд этилган бу каби ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни 22 ва 27-моддалари, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунининг 28, 42 ва 46-моддалари ҳамда “Метрология тўғрисида”ги қонунининг 16 ва 20-моддалари талабларига мутлақо зид ҳисобланади.
Мазкур қонунбузарликлар юзасидан корхона раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, барча тегишли ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судга юборилди.
Шунингдек, корхонага нисбатан жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилиб, аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш бўйича қатъий талабнома киритилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА