Сиқув компрессор станциясидаги техник носозлик маҳаллий мутахассислар томонидан бартараф этилди
«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш» бошқармасига қарашли “Bateman” сиқув компрессор станциясида қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш» бошқармасига қарашли “Bateman” сиқув компрессор станциясида қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Гап шундаки, авваллари бундай мураккаб таъмирлаш ишлари хорижлик мутахассилар билан ҳамкорликда ва уларнинг ёрдамида амалга оширилиб келинган. Маҳаллий мутахассислар бу сафар таъмирлаш ишларини ўзлари амалга оширишга муваффақ бўлди.

“Bateman” сиқув компрессор станциясидаги 3-сонли газ ҳайдаш агрегати компрессорида нуқсон юзага келганлиги сабабли авария ҳолатида ишдан тўхтаб қолган эди. Шу боис, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш» бошқармаси ишчи-ходимлари томонидан ушбу станциясида қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 3-сонли газ ҳайдаш агрегати ишчи ҳолатга келтирилиб, узлуксиз табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришини олдини олишга эришилди.
Маълумот ўрнида, “Bateman” сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 4 дона газ ҳайдаш агрегатлари мавжуд ва лойиҳа бўйича йилига 13 млрд. метр куб табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга. Ушбу станцияда Америка Қўшма Штатларининг “Dresser Rand” ва “General Electric” компанияларида ишлаб чиқарилган газ ҳайдаш агрегатлари ўрнатилган ва ишга туширилган.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати