XIV Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (парламенти) биринчи сессияси делегатлари бугун бир овоздан Си Цзиньпинни учинчи беш йиллик муддатга Хитой раиси этиб қайта сайлаш учун овоз беришди. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар берди.
Овоз беришда икки минг 952 киши қатнашди.
Июнь ойида 70 ёшга тўладиган Си Цзиньпиннинг қайта сайланиши 2018 йил йилда Хитой Конституциясига киритилган ўзгартиришлардан сўнг мумкин бўлди: энди бир шахс кўп марта давлат раҳбари лавозимини эгаллаши мумкин.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Хитой коммунистик партиясининг XX съездида Си Цзиньпин Компартия Марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига учинчи муддатга қайта сайланган эди.
Си Цзиньпин 1953 йилда Пекинда таниқли иқтисодчи ва сиёсий етакчи оиласида туғилган.1974 йилда Коммунистик ёшлар иттифоқига аъзо бўлади, кейинчалик қатор партиявий лавозимларда фаолият кўрсатади.
1999-2002 йилларда Фуцзянь вилояти губернатори, 2008 йил мартда ХХР раиси ўринбосари, 2012 йилда Компартия Марказий қўмитаси ва Ҳарбий кенгаш раҳбари этиб сайланади. 2013 йилда ХХР давлат раҳбари ва Марказий ҳарбий кенгаши раиси лавозимларини қайта эгаллайди.
ЎзА