Хитой Африка мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва умумий келажакка эга “Хитой – Африка ҳамжамияти”ни қуриш учун тайёр. Бу ҳақда ХХР Раиси Си Цзиньпин Эритрея Президенти Исайяс Афеворки билан учрашувда айтиб ўтди.
Африка давлати раҳбари ташриф билан Пекинда бўлди, деб хабар берди “CGTN” телеканали. “ХХРнинг катта натижаларга эришиши учун Хитой – Африка амалий ҳамкорлигини ривожлантириш зарур. Бу маънода Африка томони билан ишлашга тайёр ва умумий келажак учун “Хитой –Африка ҳамжамияти”ни қуришга интилади”, деди Раис.
Си Цзиньпин Африкани Хитой билан анъанавий дўстликни давом эттиришга ва стратегик ўзаро ишончни мустаҳкамлашга чақирди. “Хитой тараққиёти Африка давлатларига янги имкониятлар очиб беради”. “Вазият қандай ўзгармасин, ўзаро ҳурмат, ўзаро тушуниш, ўзаро ёрдам Хитой –Африка дўстлигини белгиловчи хусусият ва йўналиш бўлиб келган”, деди ХХР раҳбари.
Африкани “буюк умидлар мамлакати”, деб таърифлар экан, Хитой Раиси янги вазиятда Хитой ва Африка учун ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қийинчиликларни биргаликда енгиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканини қайд этди.
ЎзА