Си Цзиньпин: Хитой ва АҚШ ҳамжиҳат яшай олади
Дунёнинг икки қудратли давлати – Хитой ва АҚШ ҳамкорликда ривожланиши бутун дунё бўйлаб тинчлик, тараққиёт учун муҳим аҳамиятга эга, деди ХХР раиси Си Цзиньпин Америка – Хитой муносабатлари бўйича миллий қўмита йиллик йиғилиши иштирокчиларига йўллаган мактубида.
Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги сайти эълон қилган хабарда етакчининг қуйидаги сўзлари келтирилган:
– Хитой ва АҚШ ер юзидаги икки қудратли давлат сифатида ҳамжиҳат ривожланиш йўлини топа олса, бу дунёда тинчлик, тараққиёт, инсоният келажаги ва тақдири учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Раҳбар таъкидлашича, Хитой ўзаро ҳурмат тамойилига таянган ҳолда, ҳамжиҳат ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик орқали АҚШ билан манфаатли муносабатни илгари суришга тайёр. Келишмовчиликни бирга бартараф қилиш, умумий саъй-ҳаракат ила глобал чақириқларга жавоб бериш, муваффақиятга ва ялпи фаровонликка эришиш икки мамлакатга ҳам, бутун дунёга ҳам фойда келтиради.