Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Швеция коронвирусга қарши “ўзига хос” йўлдан боряпти
16:06 / 2020-03-31

Уйдан чиқмаслик, кўпчилик бўлиб тўпланмаслик ҳақидаги чақириқлар асосан, тавсиявий харакатерга эга.


Ўзининг либерал қарашлари билан донг таратган Швеция коронавирус пандемияси бутун ер юзига хавф солиб турган бир даврда ҳам ўзига хос йўл тутиш одатидан чекинмади. Ушбу Скандинавия давлати Европа Иттифоқи таркибидаги кескин карантин чораларини қўлламаган ягона мамлакат бўлиб турибди. Гарчи, Қироллик Бош вазири Стефан Лёвен ўз фуқароларига руҳан COVID-19 билан касалланганлар сони ортиб боришига тайёр туришни маслаҳат берган эса-да, ҳукумат чегараларни, омма тўпланадиган жойларни ёпишга шошилмаяпти: мактаблар очиқ, ресторанлар ишлаяпти, жамоат транспорти қатнови чекланмаган.

Уйдан чиқмаслик, кўпчилик бўлиб тўпланмаслик ҳақидаги чақириқлар асосан, тавсиявий харакатерга эга.

Масофавий ўқитиш тизими талабалар ва юқори синф ўқувчиларига нисбатан амал қиляпти, кичик синфларда дарслар давом этмоқда. Болалар ва спорт майдончалари ҳам ҳали гавжум.

“Spiegel Online” нашри хабарига кўра, пойтахт Стокгольм шаҳридаги кафе, ресторанларда бўш жой йўқ. Фақат мижозлардан бар ёнида йиғилмасдан, ўз столлари атрофида ўтиришларини сўрашяпти. Яқинда ҳукумат 500 кишидан ортиқ тўпланмаслик тўғрисида қарор чиқарган. Бу айрим ишбилармонларга қўл келди. Яъни, театр ёки концерт заллари эгалари 499 кишига билет сотиб, чекловни ўзига хос усулда четлаб ўтишнинг уддасидан чиқишди.

Бошқа юртлардан келаётган шведлар карантинга жўнатилаётгани йўқ. Мамлакат раҳбарияти Финляндия ва Норвегиядан фарқли ўлароқ, тоғ-чанғи мавсумини ҳам бекор қилмади, аксинча хоҳловчиларни тоза ҳаводан нафас олишга чорлашяпти. Қишки дам олиш ҳудудлари май ойигача ишлайди.

Мазкур чора-тадбирлар учун бутун масъулиятни мамлакат Бош эпидемиологи, Халқ соғлиғини сақлаш агентлиги раҳбари Андерс Тегнелл ўз зиммасига олган. Унинг фикрича, шведлар коронавирусни ўз бошидан кечириб ўтказишлари керак. Шундагина барчада жамоавий иммунитет шаклланади.

Тан олиш керак, худди Швеция сингари қироллик бошқаруви тизими амал қиладиган Буюк Британия ёки Нидерландияда коронавирусга нисбатан ёндашув мутлақо бошқача.

Сўнгги маълумотларга ишонадиган бўлсак, Швецияда қарийб 3000 киши коронавирус билан зарарланган, 100 дан зиёд бемор вафот этган. Ҳозир бутун мамлакат бўйлаб бор-йўғи 500 ўринга мўлжалланган интенсив терапия бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда. Мутахассислар эса бу фавқулодда вазиятларда зарур бўладиган миқдордан қарийб уч баравар кам эканлигини эътироф этишмоқда.

Коронавирус пандемиясига нисбатан бундай нописанд муносабат оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаш ортиқча бўлса керак...