Ўзбекистон ва Швеция муносабатларида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг янги босқичи ривожланиб бормоқда.
Сўнгги 4 йилда икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ўртасида 5 маротаба музокаралар ташкил этилди. 2021 йил Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде Ўзбекистонга ташриф буюрди ҳамда давлатимиз раҳбари қабулида бўлди.
Икки давлат парламентлари ўртасида ҳам ҳамкорлик муносабатлари анча фаоллашган. 2019-2023 йиллар давомида парламент раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари даражасида 3 та ташриф (2 та Стокгольмга ва 1 марта Ўзбекистонга) амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги 36-элчихонасига айланган Стокгольмдаги дипломатик ваколатхонаси 2022 йил сентябрь ойида очилган бўлса, 2023 йил февралидан тўлиқ фаолият юритиб келмоқда. Жорий йил октябрь ойида Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Швециядаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланди ва ишонч ёрлиқларини 9 ноябрь куни Швеция Қиролига топширди. Биринчи элчи Н. Ғаниев аввал Ўзбекистоннинг Швециядаги муваққат ишлар вакили бўлган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон ва Швеция ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 8 апрелда ўрнатилган.
Янги йил байрами арафасида элчимиз Швециядан туриб юртдошларимизга ўз табригини йўллади.
– Қадрли юртдошлар, барчангизни кириб келаётган янги йил муносабати билан чин юракдан самимий табриклайман. Жорий йилда Ўзбекистон ва Швеция муносабатлари янада фаоллашди. 2024 йилда ўзбек-швед ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида муҳим режаларни белгилаб олганмиз. Азиз ватандошлар, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат тилайман. Янги йилингиз муборак бўлсин!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/pV9fV8tVPWE?si=AXfPOgtIBf6BAKrf" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳаррама Пирматова, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА