Европада бўлиб турган “BMB HOLDING” делегацияси аъзолари нафақат бизнес учрашувларда, балки ижтимоий-маданий тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жорий йилнинг 31 январь куни Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси ҳузурида фаолият юритувчи Ўзбек Миллий маданий марказига Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби ўзбек классик ва замонавий адабиёти намояндаларининг 100 дан ортиқ энг сара асарлари, шунингдек, Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти ва маънавий меросига бағишланган илмий-тадқиқот ишларидан иборат китоблар тўплами совға қилинди.

Ушбу китоблар Швецияда яшовчи ўзбек диаспораси ҳамда маҳаллий аҳолига миллий маданиятимиз, тарихимиз ва адабиётимизни кенгроқ таништириш, ўзбек тили ва адабиётини асраб-авайлашга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир. Қолаверса, ушбу китоблар тўплами шу юртда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Адабиётлар тўпламини топширишга бағишланган маросимда Ўзбекистоннинг Швециядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Нуримбетов, “BMB HOLDING” Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Швециядаги Ўзбекистон Миллий маданий маркази раҳбари Зилола Йўлчиева ҳамда марказ ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида ўзбек адабиётининг чуқур илдизлари, унинг жаҳон маданий меросидаги ўрни, уларни дунё саҳнасида кенг тарғиб қилиш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва юртимиз маданиятига бўлган қизиқишни ошириш бўйича турли маданий-маърифий лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири