Швецияга ташрифи доирасида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) дастури директори доктор Жиндон Юань билан учрашди.
Суҳбат чоғида томонлар минтақавий хавфсизликка оид долзарб масалалар, хусусан Марказий Осиёда халқаро ҳамкорлик хусусиятини такомиллаштириш мавзусини муҳокама қилдилар. Ўзаро жипсликни мустаҳкамлаш, минтақа мамлакатлари мулоқотини тизимлаштириш, ташқи ҳамкорлар билан шериклик кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимиз вакили сўнгги йилларда Марказий Осиё инқироз минтақасидан барқарор ривожланиш ва прагматик дипломатия маконига томон сезиларли қадам ташлаганини таъкидлади. Хусусан, савдо, транспорт, энергетика, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлаштиришга қаратилган Давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви ҳамда “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш концепцияси-2040” ташаббуси айни жараёнга муносиб ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Швеция томони минтақада иқтисодий муносабатлар жадаллашиб, ўзаро савдо ҳажми ўсиши, логистика алоқалари мустаҳкамланиши, яшил энергия лойиҳалари ишга туширилаётгани, стратегик инфратузилма ташаббуслари илгари сурилаётгани, жумладан Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланганини юқори баҳолади. Шунингдек, Марказий Осиё ва Шимолий Европа мулоқотини ривожлантириш истиқболи, жумладан барқарор ривожланиш, таълим ва рақамли трансформация соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш имконияти таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, инклюзив ривожланиш ва инновация бўйича етакчи саналган Скандинавия мамлакатлари билан шериклик салоҳияти тобора долзарб тус олмоқда.
Учрашув якунида SIPRI ва МОХИ ўртасида алоқа ўрнатиш, жумладан тинчлик, барқарорлик ва минтақавий боғлиқликка доир муҳим масалалар юзасидан қўшма тадбирлар, таҳлилий алмашинув ва эксперт ҳамкорлиги кўламини кенгайтиришдан умумий манфаатдорлик билдирилди.
1966 йил ташкил этилган нуфузли мустақил таҳлил маркази – Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти сиёсатчи, эксперт ва тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик учун очиқ манбалар асосида таҳлилий материал, статистик маълумот ва тавсиялар тақдим этади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА