Швеция АҚШ билан ҳарбий битим тузди
Швеция парламенти АҚШ билан мудофаа битимини маъқуллади. Мазкур келишувга биноан, Швеция Америка томонига 17 ҳарбий объектдан фойдаланиш имкониятини тақдим этади.
“Dagens Nyheter” газетаси ёзишича, ушбу икки мамлакат ўртасида мудофаа соҳасида ҳамкорлик келишуви 2023 йил декабрда имзоланган. Ҳужжатда АҚШ қироллик ҳудудида жойлашган ҳарбий манзиллар, жумладан ўқув майдони, қўналға, порт, авиабаза ва аэропортлардан фойдаланиши белгиланган.
Швецияга ядро қуроли жойлаштирилишини тақиқлаш тўғрисида банд киритилмагани учун мазкур битим бошда танқидга учраган эди. Ҳукумат таъкидлашича, бунга эҳтиёж ҳам йўқ.
Зеро, мамлакат ҳудудида тинчлик даврида ядро қуроли бўлмаслиги парламент қарори билан мустаҳкамланган, деб ёзган “Expressen” газетаси.
Швеция шу йил 7 март куни 32-аъзо давлат сифатида НАТОга расман қўшилди.