Саёҳат манзиллари
Иккинчи мақола
Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган олис Шут қишлоғи ҳақида аввалги мақоламизда ҳам сўз юритган эдик. Бу гал биз бу ернинг меҳмондўст одамлари, оғиздан оғизга ўтиб келаётган сирли ривоятлар ва қадимий тарихга эга бой хазиналари ҳақида фикрлашни жоиз деб билдик.
Масофа узоқ, шу боис Қаршидан ярим тундан кейин йўлга чиқдик. Олдимизда тўрт соатлик тоғ йўли кутиб турарди. Китоб туманига қарашли Паландара ҳудудидан ўтар экансиз, тоғ ҳавосининг мусаффолигини ҳис қиласиз. Кейинги манзиллар Обиканда, Жоуз, Матмон, Деновбола, Аспидухтар ва ниҳоят, манзилимизнинг нуқтаси – Шут қишлоғи.
Тонг ёришиб, қирлар кунгай томондан ёруғликка чўмила бошлаган. Қишлоқда ажиб сукунат. Фақатгина темирчилик устахонасидан чиқaётган болға зарбалари шамол билан бирга тоғ остига тараларди.
Ёғоч синчли уйлар, шох-шаббалардан тўқилган ҳовли деворлари, осмонга бўй чўзган тераклар ва кўчалар ёқасида жилдираб оқиб турган сув жилғаси, барчаси табиат ва инсон уйғунлигидан далолат беради.
Темирчилик устахонаси сари йўл олдик. Юзларидан нур ёғилган, соқоли оқарган отахон набираси билан қизарган темирни болғаларди. Унинг ҳар бир зарбасида йиллар, меҳнат ва ҳунарнинг ҳиди бор эди.
– Ёшим 72 да, темирчилик билан ярим асрдан буён шуғулланаман, – дейди Мутаилло бобо Раҳматов. – Бир оз тўхтаб қолганимда касалим ҳам қайтди. Қайта иш бошлагандим, ўзимни яхши ҳис қилдим. Отамдан мерос бу ҳунарни қўлимдан қўймайман. Асосан деҳқончилик ва боғдорчилик учун буюмлар ясайман. Ҳозир отлар учун тақа ясаяпман. Кунига 3-4 соат ишлайман. Темирчилик машаққатли, аммо меҳр билан қилинса, жонга шифо.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам ҳунари борнинг баракаси бор. Мутаилло бобо бу ишдан катта даромад олмаса-да, меҳри бор. Устахона эшиги очиқ бўлмаса, ўзини нотинч ҳис қилади.
Шут қишлоғи нафақат меҳнаткаш инсонлари билан, балки қадимдан инсон зоти макон тутган, тарихий хотиралар билан тўлиқ замин сифатида ҳам қадрли.
Қишлоқ четида “катта мозор” деб аталувчи зиёратгоҳ бор. Халқ орасида бу ерда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг саҳобаларидан бири – Ҳожа Довуди Дардо (яъни Абу Дардо розияллоҳу анҳу) дафн этилгани ҳақида ривоят айтилади. Ёнидаги улкан арчанинг ҳам ёши минг йилдан ошган дейишади. Ёзма манбаа топилмаган бўлса-да, маҳаллий аҳоли бу ривоятни авлоддан авлодга етказиб келади.
Қурбонқул Саломов қишлоқнинг ҳофиз тарихчиси, маҳаллий ривоятларнинг жонли гувоҳи. Унинг айтишича, Шут тоғлари орасида “Замини санг”, “Замини мушша”, “Диҳажо” номли жойлар бор бўлиб, қадимда бу ерларда катта бозорлар бўлган. Савдо-сотиқ ривожланган, туронликлар яшаган. Ҳатто қишлоқ тепалигида “коферхона” деб аталган жойда деҳқончилик қилинган ва ҳар ҳайдалган ердан қадимий сопол буюмлар топилган.
– Улардан айримларини йиғиб, мактабимизда кичик музей ташкил қилганман, – дейди Қурбонқул ака. – Археологлар ҳам келиб, топилмалар қишлоқнинг камида 9 асрлик тарихга эгалигини айтишган.
Шутда XVIII аср охирига оид масжид қолдиқлари ҳам сақланган. Ҳозир фақат ёғоч устунлари қолган бўлса-да, бу жой ўтмишнинг жонли хотираси каби сақланиб турибди.
Қадимий қабристон, одам суяклари ва сопол идишлар ҳам бу ернинг илк инсоният макони бўлганини тасдиқлайди.
Қурбонқул ака бизга яна бир қизиқ ҳикояни сўзлади, қишлоқда 150 ёшдан ошган олма дарахти бор экан. Аввал бу гап муболағадай туюлди, аммо бориб кўрсак, чиндан ҳам шох-шаббаларида ҳосил бераётган кексайган дарахтни кўрдик. Бу ернинг тупроғи унумдор, суви ширин, ҳавоси мусаффо эканини шунда англайсиз.
[gallery-25872]
Шут номи “охир”, “тамом” маъносини англатса-да, бу ўлка ҳақидаги таассуротлар сира тугамайди. Тоғлар бағридаги бу гўзал манзил, меҳр тўла инсонлар ва табиат уйғунлиги юракка шодлик, хотиржамлик бағишлайди.
Бобо қуёш тоғ чўққиларига ёнбошларкан, бизнинг сафаримиз ҳам якунлади. Аммо Шут қишлоғидан олиб қайтилган таассуротлар юракларда қолди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА