"Ёшлар ойлиги" доирасида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши раиси кубоги учун "Шунқорлар" ҳарбий-спорт ўйинларининг Республика босқичи бўлиб ўтди.
Финал босқичи Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларидан 17–22 ёшдаги 140 нафар ёшлар иштирокида 14 та жамоа беллашди. Мусобақалар учта асосий блокдан иборат бўлди:
Дастлаб, "Ҳарбий-ватанпарварлик блоки" доирасида иштирокчиларнинг Ўзбекистон тарихи бўйича билимлари баҳоланди. Шунингдек, "Саф қўшиғи" ва "Биз – бир жамоамиз!" номли кўрик-танловлар ўтказилди.
Навбатдаги "Ҳарбий-амалий кўпкураш блоки"да жамоалар пневматик қуролдан нишонга ўқ узиш, ўқув гранатасини узоқликка улоқтириш, ҳарбийлаштирилган эстафетада иштирок этиш каби вазифаларни бажардилар. Шунингдек, АК-74 автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, газга қарши ниқобни кийиб югуриш синовлари ҳам ўтказилди.
"Спорт блоки" доирасида эса дуатлон, 100 метрга югуриш ҳамда турникда тортилиш бўйича баҳслар ташкил этилди.
Мусобақа давомида ёшларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқиши, ғалабага интилиши ва жамоавий руҳи яққол кўзга ташланди.
Якуний натижаларга кўра, Андижон вилояти жамоаси Республика босқичи ғолиби бўлиб, "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши раиси кубогини қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, сўнгги уч йил мобайнида ушбу кубок Хоразм вилояти жамоасига насиб қилаётган эди.
2-ўрин Тошкент вилоятига, 3-ўрин эса Самарқанд вилоятига насиб этди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар "Ватанпарвар" ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи томонидан дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Шунингдек, мусобақа давомида спорт меъёрий кўрсаткичларини бажарган 6 нафар иштирокчи учинчи спорт разрядига эга бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур мусобақа ёшларни Ватанга садоқат ва юксак ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чақириққа қадар ёшларни Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга қизиқишини ошириб бориш ҳамда уларни руҳан ва жисмонан чиниқтиришга мустаҳкам замин яратди.
Умиджон Қурбонов, ЎзА