French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шундай китоблар бўладики...
11:10 / 2021-02-01

Китоблар бўлади онгу тафаккурингни ёғдулантириб, сени яшашга, яратишга чоғлаб қўяди.

Китоблар бўладики, ўқиган саринг хаёлот оламингни титкилаб, дардларингни янгилаб юборади.  

Яна шундай китоблар бўларканки, онгу шуурингни тафтиш қилиб, кўнглингдаги мужмалликларни ёзиб, фикрларингни очиб, бир умрлик қарашларингни ўзгартириб юборар экан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Олам ва одам. Дин ва илм» китоби тафаккурда инқилоб ясаган худди шундай асардан биридир.

Китоб мутолааси даврида музейда сақланадиган Навоий кон-металлургия комбинатининг Давлат мукофоти билан тақдирланган ишчи-ходимлари тўғрисида маълумотлар жамланмасидан иборат «Эҳтиром китоби»ни рус тилидан ўзбек тилига ўгириш билан машғул эдим. Таржима асносида мустақиллик йилларининг дастлабки ўн йилликларида Давлат тилини умуман билмайдиган, миллий қадриятларимиздан бехабар ўзга миллатга мансуб шахсларга берилган қуйидагича таърифларни ўқиб, таажжубланиб юрганим бор эди: «Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг дунё ҳамжамиятидаги халқаро обрў-эътиборини ошириш, халқимизнинг маданияти ва маънавиятини юксалтириш йўлидаги фидокорона хизматлари учун мукофотланади». Ёки «Илмий салоҳият, маънавиятни юксалтириш, илм-фан, маориф, маданият, адабиёт, санъат, соғлиқни сақлаш соҳасидаги улкан хизматлари, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлашга қўшган катта ҳиссаси учун мукофотланади», каби.

Юз йил истибдод даврида мустамлака давлат томонидан мусулмонларга қолоқ, нўноқ, деган тамғалар босилгани бор гап-ку. Комбинат тизимидаги чорак асрлик меҳнат фаолиятим даврида турли миллат ва дин вакиллари билан меҳнат қилиш асносида бунга кўп амин бўлганман. Миллатимиз ғурури, тилимиз мавқеини кўтаришдаги саъй-ҳаракатларимга «миллатчи» тамғаси босилган, бошимда қанча калтаклар цинган. Аслида менда миллатчилик эмас, миллатпарварлик борлиги рост. Минг афсуски, менинг миллат ривожи йўлидаги ҳаракатларим ҳозиргача миллий ғурури йўқ миллатдош раҳбарлар томонидан тазйиқларга учраётгани аламли.

Бир қурилиш бошқармасининг рус миллатига мансуб маълумотсиз бўёқчи аёлига “...аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини ошириш, миллий ва диний қадриятларни сақлаш ва бойитиш, ёшларни Ватанимизнинг муносиб ўғил-қизлари этиб тарбиялаш ишларига қўшган катта ҳиссаси» учун давлат мукофоти беришибди. Ё тавба, бу аёл ўз ишининг моҳир устаси бўлса бўлгандир, лекин қандай қилиб илдизи минг йилларга бориб тақаладиган ўзбекларнинг миллий ва диний қадриятларни сақлашга ҳисса қўшсин, деган туғёнда юрганимда Аллоҳ мени муҳтарама устозим Салима Умаровага йўллаб қўйди ва у кишининг тавсияси билан ушбу китобни ўқишга мушарраф бўлдим.

Китобда олам одам билан обод, одам дин билан, дин эса илм билан мукаммал эканлиги, ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки фалсафа йўқлиги, ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат исломда борлиги ҳақида батафсил тушунтиришлар берилган.  

Китоб муаллифи: «Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган. Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар», деб ёзади.

Етарлича далил ва исботлар билан илмий услубда ёзилган ушбу китобда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари аслида ҳозирги илмий тараққиётнинг ҳар бир соҳаси аввалида мусулмон олимлари туришини, бу ҳалигача одамлардан яшириб келиниши, ислом илм дини эканини фақат жоҳилларгина инкор қилишлари мумкинлиги ҳақида фикр юритиб, «Ким Исломнинг илмга муносабатини билмоқчи бўлса, дин душманларининг бўҳтонларини бир тарафга йиғиштириб қўйсину Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин. Ким Исломнинг илмга муносабатини билмоқчи бўлса, тарихга назар солсин, Исломга амал қилинган пайтда ҳар бир мусулмон юртидан кўплаб алломалар чиққанига гувоҳ бўлсин, илм-фан, маданият мислсиз ривожланганини билиб олсин!», дея таъкидлайдилар.

Ҳозирги замонда мусулмонларнинг тараққиётда ривожланган Европа давлатларидан орқада қолиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Китобни ўқиган инсон нима учун мусулмонлар дунёвий ишларда қолоқ бўлиб қолганлари, нима учун мусулмон оламида техника тараққиёти орқада қолганлиги, нима учун мусулмонларда бирлик ва ҳамжиҳатлик йўқ, деган саволларга жавоб топади. Китоб муаллифи бу саволларга бир сўз билан «дин маҳкам тутилганда мусулмонлар илғор, бошқалар қолоқ бўлган эди, диндан узоқлашганда мусулмонлар қолоқ, бошқалар илғор бўлди», деган жавобни беради.

Муаллиф мавзу Европа билан боғлиқ бўлганлиги учун масала моҳиятини очиб беришда европаликларнинг ислом дини ҳақидаги эътирофларини сўзма-сўз келтириш йўлини тутади.  

Таниқли фаранг файласуфи, саёҳатчи, археолог, табиб ва ижтимоий руҳшунослик асосчиси Гюстав Лебон ўзининг «Араблар маданияти китобидаги алоҳида урғу бериш лозим бўлган марказий фикрлардан бири қуйидагича: айнан мусулмонлар Европа фани, фалсафаси ва бутун маданий соҳасининг устозлари бўлишган ва бу жараёнда мусулмонларнинг маданияти ёрдамида ярим ёввойи ўрта асрлар Европаси Уйғониш даврининг маданий асрларига чиқиб олди. Бугунги Европа ўзининг ривожи билан айнан мусулмонлардан қарздор».

Александр фон Гумболдт ўзининг коинот ҳақидаги китобида шундай дейди: «Кимёвий доришуносликни топганлар мусулмонлардир. Жанубий Европадаги Салерно мактаби қабул қилиб, кейинчалик кенг тарқалган илк тиббий тавсиялар ҳам араблардан келган. Шифо фанининг асослари бўлган доришунослик ва тиб бир вақтнинг ўзида, лекин икки хил йўл билан наботот ва кимё илмини ўрганишга йўл очди. Мусулмонлар сабаб бўлиб, бу илмнинг янги замони бошланди. Уларнинг наботот оламидаги тажрибалари Диоскориднинг ўсимликлар рўйхатига яна икки минг ўсимликнинг қўшилишига ва дорихоналарнинг юнонлар умуман билмаган бир неча ўт-ўлан билан бойишига сабаб бўлди».

Седиё Мовароуннаҳрнинг икки улуғ олими Розий ва Ибн Сино ҳақида шундай дейди: «Улар ўз китоблари билан Ғарб таълим муассасаларида жуда узоқ муддат ҳукм суришди. Ибн Сино Европада табиб сифатида танилди. У Европа мадрасаларига тақрибан олти аср мобайнида устозлик қилди. Ибн Синонинг беш қисмдан иборат «Ал-Қонун» китоби таржима қилинди ва бир неча бор чоп этилди. У китоб Франция ва Италия университетларида изланишлар асоси ҳисобланади».

Китобдан ўрин олган «Турмуш тарзи ва гигиена», «Исломда турмуш тарзи ва озодалик», «Покликнинг фазилатлари ҳақида», «Шахсий озодалик одоблари», «Бадан поклиги одоблари», «Атроф-муҳит поклиги», «Чиройли яшаш санъати», «Исломда инсон соғлигига эътибор» ва «Тиб соҳасидаги Ислом мўъжизаси»каби мавзулар орқали Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратлари дунёда исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни иймонга тегишли даражага кўтармаганини шундай асосли тарзда тушунтириб берадиларки, бу ҳақиқатларни оғир пандемия даврида бутун дунё олимлари ўз тиллари билан эътироф этдилар.

Китобнинг қадр-қиммати ва долзарблиги ҳақида дин олимлари ва устоз ижодкорлар қимматли фикрлар билдирганлар. Асар тақдимотида сўзга чиққан Зокиржон домла Исмоилов китоб мактабларда ўқитилса, болаларимиз руҳан тетик бўлиб ўсишларини таъкидлаб: «Бу китоб ёшларни илмга ўқлаб қўяди. Мактабларни ўқувчиларини аълочи бўлганини кўрасиз ва уларни самимий илмга муҳаббатли бўлганини кўрасиз. Жаҳонни энг яхши ихтирочи олимлари ана бундан кейин чиқса ажаб эмас», деди.

Устоз ижодкор Хуршид Дўстмуҳаммад Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Олам ва одам. Дин ва илм» китоби ниҳоятда маълумотлар, ахборотлар, мулоҳазалар ва иқтибосларга бой илмий китоб эканлигини, уни фақат катта тайёргарлиги бор одам ўқиши мумкинлигини таъкидлаб, жумладан шундай деди: «Китоб етти ойда қоғозга тушган бўлса-да, бироқ бир умр ёзилган. Ушбу китоб ҳар бир ўқувчини фикрлашга, мушоҳадага ундовчи китоб. Унинг биринчи боби дин тарихи ҳақида бўлиб, одам бу дунёга нимага келади, дунё нимага яралган, дин нимага керак, деган саволларга жавоб беради ва ҳамма нарсанинг марказий ўқи, умуртқаси илм эканлигини очиб беради», дедилар. Навбатда сўзга чиққан ёзувчи Эркин Малик ушбу китоб давр китоби эканлигини эътироф этиб, уни авваламбор ўқитувчилар ўқиши кераклиги, қолаверса мадраса ва олий ўқув юртларида ўқитилиши зарурлигини таъкидладилар.

Салима ХОЛДОРОВА