Бухоро вилоятида 2022 йилда болалар иштирокида 57 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Уларда 10 та бола ҳалок бўлган, 47 таси турли тан жароҳати олган.
Нима учун фарзандларимиз ғилдираклар остида қолиб, ҳаётдан бевақт кўз юмяпти. Бунинг сабаби нимада? Нега кўз ўнгимизда содир бўлаётган бундай салбий ҳолатларга бефарқ бўлиб қолганмиз? Фарзандларимиз шунчалик гапга тушунмайдими ёки биз катталар уларга қандай муомала қилишни, қандай тарбия беришни билмаяпмизми? Нега ва нима учун деган саволлар кишини ўйлантиради. Йўқ, гап аслида биз катталарнинг эътиборсизлигимизда. Болани бола эканлигини унутиб қўйганлигимизда.

– Биласиз, болалар ниҳолга ўхшайди, – дейди Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаев. – Ниҳолни эса қайси томонга эгсангиз ўша томонга қараб ўсади. Келинг, шу ўринда юқорида айтилган рақамларга ўзгача бир нигоҳ билан қараб, уларни оз бўлсада таҳлил қилиб кўрайлик. 2022 йилда вилоятда болалар билан боғлиқ 57 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Уларнинг кўпчилиги бир умрга ногирон бўлиб қолди. Бу оддий рақамлар эмас. Бу фалокатларда 10 та норасиданинг ҳаёт шамчироғи бутунлай сўнди. Шу 10 нафар бегуноҳ фаришталар кимнингдир яратгандан тилаб олган арзандаси эди. Уларни ҳам ота-онаси оқ ювиб, оқ тараб, не-не умидлар билан вояга етказаётган эди. Аммо, афсуски уларнинг орзу ниятлари ярим йўлда чил парчин бўлди. Фарзандлар бир умрга қайтмас бўлиб, ота-оналарига аламли армон ва ўкинчни мерос қолдирди. Шундай бўлмаслиги мумкин эди. Шундай бўлмаслиги шарт эди. Лекин, бўлди. Бу бизнинг кўзимизни, қалбимизни очиш, атрофга теран назар ташлашимиз учун ҳам содир бўлди.

Биласизми, йўл транспорти ҳодисаси туфайли бир умрга ногиронлик тўшагига михланган болаларнинг кўзларига қараш қанчалик оғир. Уларнинг мунгли нигоҳлари бизни сўроққа тутади. Бизнинг айбимиз нима, нега бизларни авайламадингиз, нима учун биз бошқа тенгдошларимиз каби чопқиллаб юрмаслигимиз, орзуларимизга етмаслигимиз керак? Биз ҳам дунёни лол қолдирган Ришод Собиров, Шахрам Ғиёсов, Аббос Атоев, Ихтиёр Наврўзов, Шахобиддин Зоировлар каби Ватанимиз довруғини оламга ёйишимиз керак эдику деб сўрашади улар. Бу саволларга, бу нигоҳларга бардош беришнинг ўзи бўлмайди. Бу аламли саволлар залвори улкан тоғларни ҳам парчалаб ташлайди.

Ҳали ҳам кеч эмас. Кўзимизни очайлик, келажагимизни асрайлик. Юз марта гапирган гапимизни юз биринчи марта ҳам гапирайлик. Юзтаси қулоғига кирмаган бўлса, бир юз биринчиси албатта киради. Бу ишни “сеники”, “меники” демасдан, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда олиб борсак, кўзланган мақсадга етишамиз. Мактабда ўқитувчи, уйда ота-она боласига ҳаракатланиш хавфсизлигининг оддий, лекин ҳаёт учун муҳим бўлган шартларини эслатиб, ўргатиб турса, кўча-куйда юрганимизда энг аввало биз ўзимиз йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилсак, фарзандларимизга ўрнак бўлсак, қоидабузарлик қилаётган болаларга танбеҳ бериб, тартибга чақириб турсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Қонунларни ҳурмат қилиб, қоидаларга амал қилувчиларнинг йўллари доимо равон бўлади. Уйдан чиққан ҳар бир инсон борки, талабларга амал қилиб, уйига, оиласи бағрига соғ-саломат қайтсин. Бу хайрли ишга ҳаммамиз биргаликда камарбаста бўлайлик. Йўллар ҳамиша эзгу мақсадлар сари етакласин.
Зариф Комилов,
ЎзА