9 март куни 2021 йил учун педагоглар аттестацияси малака (тест) синовларини Тошкент шаҳридаги олий ва биринчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор педагоглар бошлаб беришди.
Барча шарт-шароитлар яратилган, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозланган хонада ўтказилган жараёнларда 700 нафарга яқин ўзбек тили, она тили ва адабиёт, рус тили, рус тили ва адабиёти фанлари ўқитувчилари иштирок этди.
Мазкур жараёнларнинг ташкил этилиши ҳамда саволларнинг даражасини ўрганиш мақсадида педагогларнинг фикрлари билан қизиқдик.
Ибрагимова Дурдона, Чилонзор тумани 257-мактаб ўқитувчиси:
– Она тили ва адабиёт фани бўйича имтиҳон топширдим. Жараёнлар пухта ташкил қилинган. Ҳеч қандай ноқулайликлар йўқ. Дарсликлардан ташқари саволлар бўлмаганлиги сабаб, ортиқча қийинчиликлар бўлмади. Аммо она тили фани саволларидан мантиқий фикрлашга қаратилгани учун бироз фикрлашга тўғри келди. Жараёнлардан чиқарган хулосам шуки, агар ўқитувчида фундаментал билим бўлса, жавобларни топиш муаммоларга дуч келмайди.
Водиев Руслан, Учтепа тумани 245-мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:
– Малака (синов) тестларида биринчи тоифага даъвогар сифатида қатнашдим. Тестлар мазмун жиҳатдан мураккаб эмас. Барчаси дарсликлардаги мавзулар доирасида тузилган. Шу сабаб, ортиқча чалкашликларга дуч келмадим.
Имтиҳонга қатнашиш истагидаги ҳамкасбларига, аввало, ўз йўналишлари бўйича билимларини мустаҳкамлашларини ва жараёнларда вақтни тўғри тақсимлашларини тавсия қилган бўлардим.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлар томонидан таклиф этилаётган хизматларга чалғишларини ҳам тавсия қилмаган бўлардим. Ижобий натижа учун шунчаки, бор салоҳиятни кўрсатиш етарли.
Қайд этиш лозим, эртага ўтказиладиган синов жараёнларида кимё, география ва иқтисодиёт, биология, физика фани ўқитувчилари қатнашади.
Маълумот учун, Тошкент шаҳридаги олий ва биринчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор педагоглар учун малака (тест) синовлари 15 мартга қадар давом этади.