Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шуманайлик ёшларнинг муаммолари ижобий ҳал этилмоқда
10:52 / 2026-03-06

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” сифатида белгиланиши уларнинг муаммоларини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланиб, республика ва туман миқёсидаги раҳбарлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.

– Бугунги кунда туманда 22 минг 706 нафар ёш бўлиб, шундан 14-30 ёшдагилар 10 минг 631 нафарни ташкил этади. Ёшлар билан манзилли ишлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган “Ёшлар баланси”ни шакллантириш мақсадида 14-30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида қайта хатлов ўтказиш ишлари олиб борилди. Тадбир давомида 10 минг 631 нафар ёш хатловдан ўтказилиб, “яшил” тоифадагилар 7 минг 677 нафарни, “сариқ” тоифадагилар 2 минг 692 нафарни, “қизил” тоифадагилар 329 нафарни ташкил этади. “Оғир” тоифадаги ишсиз ёшлардан 23 нафари Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги раҳбарларга, 239 нафари эса туман ҳокими, унинг ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарларига бириктирилди. Амалга оширилган ишлар натижасида йил якунига қадар 261 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Хусусан, 89 нафар ёш иш ўринларига жойлаштирилди, 74 нафарига имтиёзли кредит маблағи ажратилди, – дейди Шуманай тумани ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Фархад Ходжабаев.

Битирувчи ва ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Манзилли режа” ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ меҳнат бозорига кириб келган 545 нафар битирувчи ва ишсиз ёшнинг рўйхати шакллантирилди. Шундан 27 нафар ишсиз ёш, 129 нафар мактаб, 130 нафар касбий таълим, 259 нафар олий таълим муассасалари битирувчиси бўлиб, шундан 515 нафарининг  бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари профилактик ҳисобда турган 35 нафар, пробация ҳисобида турган 16 нафар, агрессив хулқ-атворга эга бўлган 13 нафар ҳамда жазони ижро этиш колонияларидан озод қилинган ва судланганлик муддати тугамаган 3 нафар ёш тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига оталиққа бириктирилди. 

Ўтган йили 315 нафар ёш Қозоғистон, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Сербия, Туркия, Литва, Германия, Хитой, Хорватия, Англия, АҚШ давлатларига ишлаш, ўқиш ва яшаш учун кетган. Шундан миграциядан қайтган 58 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 22 нафари тадбиркорлик учун кредит билан таъминланиб, 5 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 10 нафар ёш эса олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Шунингдек, ёшлар тизимини рақамлаштириш, уларга берилаётган имтиёзларнинг адолатлилигини таъминлаш, жойларда амалга оширилаётган ишларни 3 босқичда мониторинг қилиш имконини берувчи ягона электрон платформаси орқали 138 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилди. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 134 нафари “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 387 нафар ёшга 300 гектар ер майдони аукцион савдолари орқали ажратилган эди. Бугунги кунда уларнинг ер майдонларидан фойдаланиши ва экин экиш ҳолатлари мониторинг қилиб борилмоқда. Ҳозирги кунда 338 нафар ёш томонидан 263,3 гектар ер майдонидан йил якунида 257 тоннадан зиёд маҳсулот олиниб, 1 миллиард 982 миллион сўм даромад қилинди.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган беш босқичли, яъни маҳалла-сектор-туман-ҳудуд ва республика босқичлари бўйича “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида шашка, шахмат, воркаут, “Заковат” интеллектуал ўйини, гандбол, миллий кураш, волейбол, енгил атлетика, стол тенниси, стритбол мусобақалари мунтазам ўтказилмоқда. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун футбол ва мини футбол, гимнастика, армрестлинг, киберспорт, “Ёш китобхон оила”, “Ёш рассом”, “Ёшлар овози”, “Моҳир пианиночи” танловлари ва параспорт турлари бўйича мусобақаларга туман бўйича 15 минг 623 нафар ёшларнинг иштироки таъминланган. 

Туман ҳокими, туман прокурори, ИИБ ва туман солиқ инспекцияси бошлиқлари томонидан маҳаллаларда ёшлар билан ҳар ойда бир марта учрашув ўтказилган бўлса, уларда 151 нафар ёш томонидан мурожаат тушган. Раҳбарлар билан ўтказилган учрашувларда ҳамда онлайн суҳбатларда билдирилган мурожаатларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.