ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида кейинги йилларда чорвачиликни ривожлантириш, энг илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш, аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Жараёнда чорва молларини турли касалликлардан ҳимоялаш, вақтида ветеринария талаблари асосида эмлаш, чорва моллари учун кузги ва қишки мавсумга мустаҳкам озуқа базасини тайёрлаш, соғлом ва наслли молларни кўпайтириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-24231]
Таъкидлаш керак, туман ҳудудида бугунги кунда чорвачилик йўналишида жами 33 та, шундан 18 та қорамолчилик, 2 та эчкичилик, 6 та паррандачилик, 1 та қуёнчилик ҳамда 6 та балиқчилик йўналишидаги фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.
Туманнинг “Қорабойли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Султон берекетли чорва” фермер хўжалигида наслли чорва моллари парваришланади. Фермер хўжалигига 2020 йил октябрда Австрия давлатидан жами 27 бош “Симменталь” зотли йирик шохли қора моллар олиб келинган. Ҳозирга келиб уларнинг сони 55 бошга етган.
Ушбу хўжаликда наслли қорамоллардан ташқари қўй ва эчки парвариши ҳам йўлга қўйилган.
Жорий йилда чорва моллари учун озуқа экинлари, жумладан, 6,5 гектар майдонга беда, 7 гектар майдонга маккажўхори, 9 гектар майдонга оқ жўхори, 1 гектар майдонга лавлаги ва полиз экинлари экилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА