Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шукроналикда ҳикмат кўп
16:52 / 2022-08-31

Кончилик ва металлургия соҳаси юртимиз иқтисодиётини юксалтиришда етакчи ўринни эгаллайди. Айтиш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришлар, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига қаратилган лойиҳалар ижросини таъминлашда “Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ва унинг тасарруфидаги барча бўлинмалар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Марказий кон бошқармаси меҳнат жамоаси ҳам ер ости бойликларини ўзлаштириш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш борасида самарали меҳнат қилмоқда.

Зокир Каримов, “НКМК” АЖ Марказий кон бошқармаси ўқув маркази етакчи таълим устаси, кимё фанлари номзоди:

– Кўп йиллик меҳнат фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, Қизилқум чўлининг маркази, бепоён қумликлар бағрида бунёд бўлган Ўзбекистон Республикасининг саноат шаҳарларидан бири – Зарафшон шаҳри дастлаб одам қадами етмаган бир замин эди. Бу жойлар инсон тафаккури, ақл-идроки, тадбиркорлиги туфайли гўзал бир маконга айланди. Буларнинг барчаси шу юртнинг равнақи, гуллаб яшнаши, бугунги ва келажак авлодларнинг ғурурланишлари учун иқтидори ва куч-ғайратини аямай меҳнат қилган ва уни давом эттираётган инсонлар орқали амалга оширилганлигини эътироф этиш жоиз.

Навқирон ва саҳродаги бўстон саналмиш Зарафшон шаҳримизда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар салмоғи шу қадар юксалдики, натижада бу воҳа ривожланган саноат ва маданият марказига айланди. Бугунги кундаги шаҳарнинг ям-яшил либоси, офтобда биллурдек товланадиган фавворалари, кенг ва равон кўчалари, янги меъморий услубда қурилган турар-жой бинолари, саноат ва ижтимоий инфратузилма иншоотларини кўриб кўз қувонади.

Бугун қай бир соҳага эътибор берманг, олдинга интилиш, ютуқларни мустаҳкамлаш ва истиқболли лойиҳаларни жорий этишдай эзгу саъй- ҳаракатга дуч келасиз. Бундан чорак аср олдинги шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини, инсонларнинг онгу тафаккурини бугунги кундаги тасаввур ва изланишлар билан асло қиёслаб бўлмайди. Юртдошларимиз жаҳон ареналарига чиқиб бормоқда. Дунё аҳли мамлакатимизни ўзига хос йўли, мақсади ҳамда истиқболи бор давлат сифатида тан олмоқда. Ахборот-телекоммуникация, маънавий - маърифий тизимлардаги бемисл ўзгаришлар, спорт йуналишидаги ютуқлар, аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш ва фаровонликка эришиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш борасидаги изчил интилишлар самараси қалбларимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Улуғбек Қувондиқов, “НКМК” АЖ Марказий кон бошқармаси тасарруфидаги 7-гидрометаллургия заводи цианлаш ва сорбция цехи бошлиғи, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби:

– Марказий кон бошқармаси тизимида халқ манфаатлари учун садоқат билан хизмат қилиб, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган оловқалб ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг юзидаги мамнунликни, бахту саодатга талпиниш ҳаракатини, ёшлардаги келажакка ишончни кузатиб шу юрт фарзанди эканлигимдан, элимизнинг қувончига шерик бўлаётган касбда меҳнат қилаётганлигимдан фахрланаман. Бундай ҳис-туйғулар ҳар бир ватандошимизга, ҳар бир ҳамкасбимга йулдошлигига аминман.

Кейинги йилларда корхонамизда ёш ишчи-ходимлар иқтидорини рўёбга чиқариши учун қулай шароит яратилаётир. Ёши улуғ устозларнинг ҳурмати жойига қўйилиб, уларни эъзозлаш ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Устоз-шогирд анъаналари тизимли йўлга қўйилган. Президентимизнинг ёшларга оид қатъий сиёсати туфайли имконият эшиклари кенг очилмоқда. Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит ва имконият яратиш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, изланувчан йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби вазифаларни амалга оширишга қаратилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари корхонамиз негизида мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

Ўзим ҳам ёш раҳбар сифатида ана шундай имкониятлардан кенг фойдаланмоқдаман. Корхонамизда мен каби бошқа тенгдошларим ҳам юксалиш йўлида илдам боришмоқда. “Ёш ихтирочилар ва рационализаторлар клуби” фаолиятини бошқариш вазифасининг топширилиши технологияга янгилик киритиш йўли билан ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириш учун ишонч билан қадам босиш имкониятини берди. Жорий йилнинг 29 июнь куни Президентимизнинг “Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ана шундай эътирофга сазовор бўлганлар орасида мен ҳам борлигим кутилмаган совға бўлди, десам муболаға бўлмайди. Бу мукофот менга катта масъулият юклади. Давлатимиз раҳбарининг биз, ёшларга бераётган эътибори, билдираётган ишончига муносиб бўлиш учун барча имкониятимни сафарбар этаман. Жонажон комбинатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга ваъда бераман.

Солижон Ҳамроев, “НКМК”АЖ Марказий кон бошқармаси тасарруфидаги 5-гидрометаллургия заводи таъмирлаш механика участкаси таъмирловчи чилангари:

Иш фаолиятимни дастлаб “НКМК” АЖ Марказий кон бошқармасига қарашли 2-гидрометаллургия заводида таъмирловчи чилангар сифатида бошлаганман. Касбий фаолиятимни ривожлантириш асносида хизмат сафари билан бир муддат чет элда ишлашимга тўғри келди. Мусофирчиликнинг қаттиқ нонини татиш нақадар қийин эканлигини ўша пайтда тушуниб етдим. Айниқса, она юртим соғинчи, болаларимнинг завқли кулгуси, ҳамкасбларимнинг кўзларидаги илиқлик, меҳр-муҳаббат тўлиб тошган ватандошлар чеҳраси, бу туйғуларнинг бари қалбимни ўртарди.

Бугунги кунда жадал ривожланаётган Ўзбекистонда ўз меҳнат фаолиятини сидқидилдан амалга ошириб юқори марраларни қўлга киритиш учун ёшларга жуда катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Истиқлол неъматидан юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга яшармоқда. Шаҳримиз Зарафшонда ҳам замонавий иншоотлар, янги заводлар қад ростламоқда, ёшларимизнинг таълим-тарбияси ҳам алоҳида эътиборда. Юртимизда бу каби қилинаётган эзгу ишлар натижасида инсон қадри ва қадди кўтарилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Бугун шаҳримизнинг қай манзилига борманг, қалби эзгуликка тўла кишиларнинг қувончини кўрасиз. Бинобарин, қайси соҳани олманг, фидойи замондошларимиз азму шижоати билан равнақ топмоқда. Айниқса, комбинатнинг етакчи тармоқларидан бўлган Марказий кон бошқармаси ривожида янгиланишлар рўй бераётир. Сўнгги йилларда тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасида олиб борилаётган эътиборга молик ишлар замирида мислсиз ўзгаришлар мужассам.

Жумладан, йирик лойиҳалардан бири 5-гидрометаллургия заводининг қисқа муддат ичида барпо этилиши кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини берди.Ушбу корхонага илк тамал тоши қўйилган кун кечагидек ёдимизда. Бу ерлар ўша пайтда кимсасиз, тақир, одам юрса оёғи куядиган чўл эди. Шу жойда кунлар келиб қудратли завод қурилади, деса кимларгадир эртакдек туюлгани ҳам рост. Қарангки, инсоният тафаккури, одам қўли, техникалар кучи нималарга қодир. Зум ўтмай, барчаси ҳақиқатга айланди. Саҳро бағрида кўзни қувнатгувчи замонавий корхона бунёд этилди. Бу, ҳеч шубҳасиз, кеча-ю кундуз қилинган самарали меҳнат маҳсулидир.

Дилдора Каримова тайёрлади,

ЎзА