Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шукроналик янги манзиллар, юксак пиллапоялар сари ундайди
10:29 / 2023-12-11

Инсон феъл-атвори, билими, меҳнати, эзгу ишлари билан эл орасида ҳурмат эътибор топади. Мазмунли, ибратли ҳаёт кечириш эса ўз қўлимизда. Шоир айтганидек: “Ғойибдан келажак бахт, бу – афсона”. Қайсики, инсон бирор соҳага чин кўнгилдан меҳр қўйса, албатта, унинг ҳақиқий устаси бўлиб етишади. Ўзи хоҳлаган касбни танласа, ҳаётда кўп нарсага эришади. Ўзига ва юртига наф келтиради.

Бу ташбеҳлар Шуҳрат Садиновга нисбатан айтилгандек гўё. Чунки бу инсоннинг илми, тажрибаси, фикр доираси, муомаласи, меҳнаткашлиги айнан шунга мос келади. Ушбу мақолани ёзиш баробарида  атрофдагилардан ҳам у киши ҳақида кўп яхши, илиқ гаплар эшитдим. 

 “Дўстлик” ордени билан тақдирланган ҳамкасбимиз қуйидаги дил сўзларини изҳор этди. 

– Болалигим Нарпай туманида ўтган. Отам ориятли, ҳамиша дастурхони очиқ, элнинг яхши-ёмон кунларида доим бошида турган инсон бўлган. Ҳозир ҳам ҳамюртларим кўп эслайди. Оилада беш ўғил бўлганмиз. Отам раҳматли бизнинг тарбиямизга жуда қаттиққўл эди. Ҳаётда асло уришмасди, аммо бирон хато қилсак, ўткир нигоҳлари билан қараши биз учун энг катта жазо бўлган. Умри давомида бизни фақат ҳалоллик, тўғрисўзликка ўргатди. Онамни Қўйсин момо, дерди. Зиёли, оқкўнгил, фариштали аёл эди. Ўқитувчи бўлган. Бутун умрини бизнинг, қишлоғимиз болаларининг илмли бўлишга бағишлади. Жонкуяр, фидойи педагог сифатида ҳурмат-эътибор қозонгани шундан. Биласизми, сўзим аввалида ота-онамни (жойлари жаннатда бўлсин, илоҳим!) эслаганим, бугун биз, фарзандлар нимага эришган бўлсак, барчасида уларнинг беқиёс хизмати бор. 

Ўрта мактабни тугатгач маълум муддат жамоа хўжалигида ишладим. Ҳарбий хизматда бўлдим. Маркшейдер бўлишга қарор қилиб, Тошкент политехника институтига ҳужжат топширдим. Менинг бу орзуйим кўпчиликка эриш туюлди. Орқа-сиртдан ўқишга киролмайди, эплолмайди деганлар ҳам бўлди. Чунки, бу касбни эгаллаш математика, физика, техника, астрономия, геодезия, геология, кончилик иши ва бошқа фанлар билан чамбарчас боғлиқ. Бунинг учун бўлажак маркшейдерда шунга яраша билим, қизиқиш бўлиши керак. Менда бу болалигимдан бор эди. Бу фанлардан аъло ўқиганман, адабиётлар орқали танишганман. Натижада қаттиқ киришиб барчасини уддаладим. Ўқишга кирдим, тамомладим. 

Биласизми, маркшейдерлик касби жуда ноёб, кўпчиликка таниш бўлмаган, қизиқарли соҳа ҳисобланади. Бу кончилик фани ва техникасининг бир тармоғи ҳисобланади. Маркшейдер фойдали қазилмани қазиб олишнинг ҳар бир босқичида (қидирув, лойиҳалаштириш, шахталарни қуриш, қазиб олиш, кон корхоналарини тугатиш ва б.) қатнашади. Бунда мутахассисдан кучли билим, тажриба талаб этилади. Чунки, ер қаъридаги фойдали қазилма уюмининг шакли ва ўлчами, қазилмада фойдали ва зарарли компонентлар жойлашуви, ўзида сақловчи жинслар хусусияти, лаҳимларнинг фазовий жойлашиши, кон босими ва ер юзаси жинсларининг деформациясига тўғри ташхис қўйиш, график лойиҳаларни чизиш, чизмаларни чуқур таҳлил қилиш, конлар кўринишини фазовий геометрик ўлчаш усуллари билан харитага тушириш ва бошқа шунга ўхшаш ўнлаб йўналишлар унинг асосий вазифасидир. 

Инсон ҳаётида ҳеч ёддан чиқариб бўлмайдиган воқеалар кўп бўлади. Ўтган фаолиятим давомида кўп корхона ва ташкилотларда маркшейдер бўлиб ишладим. Кўплаб дўстлар орттирдим, аввалига ўзим устозлардан иш ўргандим, тажриба орттирдим. Кейинчалик эса тажрибамни шогирдларим, ёш мутахассислар билан ўртоқлашдим. 2006 йилдан бошлаб Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб келяпман. Бу ерга келиб ҳам кам бўлмадим. Меҳнатим ортидан ҳурмат-эътибор топдим. Камтарона меҳнатларим ортидан доим рағбат олдим. Корхонадаги кўп йиллик меҳнатим 2016 йилда “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил”, 2017 йилда “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари, II, III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонига муносиб топилди.

Яқинда Президентимиз фармони билан “Дўстлик” ордени билан мукофотланганим ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлди. Комбинат ташкил топганлигининг 65 йиллиги муносабати билан берилган бу мукофот нафақат менинг, балки ҳамкасбларим, оилам аъзоларим, маҳалладошларимга ҳам катта қувонч бағишлади. Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида мукофотни қабул қилиб олар эканман, унинг тафтидан қалбим ғурурга тўлди. Бу бутун жамоамизга берилган эътироф бўлди. Машаққатли меҳнат, албатта, ўз самарасини беришига яна бир бор амин бўлдим. Юртбошимиз назарига тушиш мен учун катта бахт, албатта. Бу мукофот менга куч, ғайрат берди. Эндиликда мен янада шижоат билан меҳнат қилиб, бу юксак ишончни оқлайман.

Касбимни яхши кўраман. 34 йиллик меҳнат фаолиятим даврида кўплаб устозлар илмини олдим ва ўз навбатида шогирдлар етиштирдим. Ҳар бир касбнинг енгил томони бўлганидек, оғир томонлари ҳам бўлади. Шу боис ҳар бир киши ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши керак. Шогирдларимга сабр, матонат, чидам ва ўз устида ишлаш барча тўсиқларни енгиб ўтишда муҳим омил бўлишини кўп такрорлайман. 

Аслида инсоннинг касби-кори ортидан барака топиши унинг самарали меҳнати билан бирга атрофидаги ҳамкасблари, дўстларига ҳам боғлиқ экан. Жамоамизда илғор ва малакали мутахассислар, камтар ва самимий инсонлар жуда кўп. Ҳар тонг ишга отланар эканман мени севган касбим, жамоадошларим борлигини юракдан ҳис этаман. Ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишга, олдимга қўйилган катта-катта мақсадларимни адо этишга интиламан. Бу интилиш менга доимо муваффақият эшикларини очаверади. Ишдан сўнг эса оилам даврасига ошиқаман. Шу касбим ортидан уч нафар фарзандимни ўқитдим, уйли-жойли қилдим. Шириндан - шакар тўрт набирам бор. Ахир инсонга бошқа нима керак? Бир инсон орзу қиладиган бахтнинг барчасига эгаман: сермазмун ҳаёт, намунали оилам, севган касбим, севимли жамоам. Буларнинг барчасига шукроналар айтаман. Бу шукроналик мени янги манзиллар, юксак пиллапоялар сари ундайди. 

 

Дилдора КАРИМОВА,

“НКМК” АЖ Матбуот хизмати мухбири.