Муборак Рамазон ҳайитининг илк тонги. Ҳали қуёш чиқмасидан барча бир-бирини муборак айём билан табриклай бошлади. Нуронийлар юртга тинчлик, юртдошларимизга соғлик-омонлик, хонадонларга хотиржамлик, дастурхонларга қут-барака тилаб, дуога қўл очдилар.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган табриги байрамга янада ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият бағишлади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида жамиятимизда кучли ижтимоий сиёсат юритиш, барқарорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини кўз қорачиғидек асрашга устувор эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг дардини тинглаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ тизим ишлаб чиқилди. Бу жараёнда муҳтож оилаларга ёрдам кўламини кенгайтириш, иқтисодий имконияти мураккаб оилаларга иш топиш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги-янги лойиҳалар, илғор ташаббуслар ҳаётга жорий этилмоқда. Маҳаллаларда «еттилик» тизимининг жорий этилгани оилаларнинг солиқ, тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Ойларнинг султони – муборак моҳи Рамазон мамлакатимизда ҳам ғоят файзли, эзгу амалларга, савобли юмушларга, хайру саховатли ҳаётий ғояларга бой бўлди. Мамлакатимиз етакчиси ислоҳотлар жараёни билан танишув асносида республикамизнинг турли ҳудудларидаги энг муҳим ижтимоий объектлар, Мурувват уйлари, тиббиёт масканлари, мактаблар, маҳаллалар фаолиятини ўрганди. Нуронийлар, мунис онахонлар, опа-сингиллар, маҳалла фаоллари, кўзи ёниб турган ёшлар билан дилдан суҳбатлашди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари, корхоналар, оилаларга даромад, барака олиб кирадиган йирик иқтисодий корхоналар ишини янада ривожлантиришнинг истиқболларини белгилади. Шаҳару қишлоқлар, турар жойлар, маҳаллаларнинг янги қиёфаси шаклланишига бош-қош бўлди.
Атроф-муҳитни, она-табиатни асраб-авайлаш, кўчатлар ўтқазиш, боғ ва гулзорлар яратиш, маҳаллаларни обод ва саришта ҳолатга келтириш бўйича ҳашарлар, эзгу лойиҳаларга қўл урилди.
Муборак ойда кўнгли кемтик юртдошларимиз, ёши улуғ одамлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, имконияти чекланган кишилар ҳолидан хабар олинди. Улар учун ёзилган ифтор дастурхонлари мамлакатимизда ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда эканини яна бир карра исботлади. Кам таъминланган оилалар учун тарқатилган совғалардан, балки энг аввало, эътибор ва ғамхўрликдан қанчадан-қанча одамларнинг кўнгли ёришди.
Тонгда ўқилган ҳайит намозларида юртга тинчлик, осудалик, хотиржамлик, ривож, барака, омонлик, соғлик сўраб, дуолар қилинди. Рамазон ҳайит айёми – шукроналик, меҳр-оқибат, эзгулик байрами барчамизга муборак бўлсин!
Назокат Усмонова,
ЎзА