Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири –рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари қабул қилинган ва уларда сайлов жараёнларига IT-технологияларни кенг жорий этиш ва ушбу йўналишни рақамлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.
– “UNICON.UZ” корхонаси Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш, такомиллаштириш, унга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, унинг самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлайди. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими Давлат персоналлаштириш марказининг маълумотлар базасига интеграция қилинди. “Ўзбектелеком” компанияси маълумотларни қайта ишлаш марказидан алоҳида асосий ва захира серверлари ажратилди. Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин 3 кун ичида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида сайлов участкалари бўйича тақсимланган сайловчиларининг дастлабки рўйхатини юклаб олади. Марказий сайлов комиссияси расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сайловчилар рўйхати билан танишиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Сайлов участкаларини аниқлаш ва Сайлов участкасини алмаштириш бўйича хизматлар ишга туширилди. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали 900 мингдан ортиқ фуқаро ўз сайлов участкасини аниқлаш ва 4 минг 300 га яқин фуқаро ўз сайлов участкасини ўзгартириш бўйича сўровнома юборган. Сайлов жараёнларининг шаффоф ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга асосан 207 та сайлов участкаларига 414 та видеокузатув камералари ўрнатилди, – деди Шуҳрат Содиқов.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича республикада мавжуд 10 минг 761та сайлов участкаларининг барчаси телефон алоқаси билан тўлиқ таъминланган. Шундан 96,7 фоизи ёки 10 минг 416 таси оптик толали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган.
Сайлов жараёнларининг шаффоф ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга асосан 207 та сайлов участкаларига 414 та видеокузатув камералари ўрнатилди. Мавжуд сайлов участкалари рўйхати республикамизнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайлов участкаларидан биттадан сайлов участка танлаб олинди.
Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига асосан мазкур сайлов участкаларига ўрнатилган видеокузатув камералари эртага яъни 2021йилнинг24октябрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни соат 08:00 дан соат 20:00 гача онлайн трансляция қилинади.
Ҳозирги кунда видеокузатув камералари он-лайн кўришнинг техник имконияти яратилди. Шунингдек, Сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Колл-марказ ташкил этган ҳолда Марказий сайлов комиссияси учун “12 00”, сайлов жараёнини техник қўллаб-қувватлаш учун “12 09” махсусқисқа рақамлари бириктирилди. Сайлов жараёнларида ахборот ресурсларидан фойдаланишда қатор имкониятлар яратилди.
Президент сайлови порталида Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда Округ ва сайлов участкалари ҳақида батафсил маълумот олиш имконини берувчи ҳамда қўшимча хизматларни кўзда тутадиган интерактив харита (геопортал) ишга туширилди. Участка сайлов комиссия аъзоларини масофавий ўқитиш ва тест тизими (телеграм бот), сайловга оид савол-жавоб, сайлов таъминоти ва сайлов участкасини аниқлаш бўйича махсус телеграм-бот ишга туширилди.
Сайлов қонунчилиги бўйича ўқув материаллари(контентлар)дан фойдаланиш бўйича мобиль илова Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан ишлаб чиқилди.
Сайлов жараёнлари доирасида сайловолди ташвиқот материаллари ва сайлов бюллетенларини сайлов участкаларига етказиб бериш Марказий сайлов комиссияси талабномасига асосан Вазирлигимиз тизимидаги Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан амалга оширилмоқда.
Сайлов компанияси бошланганидан буён республика ичида 30 643 ўрамда 136 минг 592кг сайловолди ташвиқот материаллари ва 10 минг 560 ўрамда 99 минг 476 кг сайлов бюллетени етказиб берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 54 та давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларига 184 ўрамда 1 минг 509кг сайловолди ташвиқот материаллари ва 171 ўрамда 1 минг 555 кг сайлов бюллетенлари етказиб берилди.
Н.Насриев,
ЎзА