Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шуҳрат Камолов Фарғона вилояти судининг раиси лавозимида иш бошлади
16:33 / 2021-01-21

Президентимизнинг тегишли фармойишига кўра Шуҳрат Маратович Камолов Фарғона вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Бугун Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда янги суд раиси жамоатчиликка таништирилди.

Мамлакатимизда одил судловни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган энг ишончли ва чинакам мустақил органга айлантириш борасида жиддий қадамлар ташланди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Маълумки, судларнинг тарқоқлиги фуқаролар учун қийинчилик туғдираётган, ортиқча сарф-харажат учун омил бўлаётган эди. Эндиликда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ҳам салоҳияти, ҳам мавқеи ошди.

Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров, Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовлар юртимизда суд тизимидаги ислоҳотлар, аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ш.Камолов 1977 йилда туғилган. Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган. Бухоро вилояти Вобкент туман судининг суд мажлиси котиби, Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг раиси, Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раисининг ўринбосари, Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси каби вазифаларда ишлаган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган Шуҳрат Камолов ўз соҳасининг билимдони ва кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, жамоатчилик орасида ҳурмат топди.

Янги иш бошлаётган суд раисини давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиб, одил судловни таъминлаш йўлида самарали фаолият юритишига эзгу тилаклар билдирилди.

 

М.СУЛАЙМОНОВ,  

ЎзА мухбири