Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан туман ва шаҳарларда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Пастдарғом, Самарқанд, Жомбой, Булунғур ва Тoйлоқ туманларида яшовчи, жиноят содир этишга мойил 45 нафар фуқаронинг яшаш хонадонларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилганда гиёҳвандлик ўсимликлари етиштириш, диний адабиётлар, ноқонуний пневматик ҳамда ов-қуроллари ва бошқа тақиқланган совуқ қуролларни сақлаш ҳолатлари қайд этилди.


Мисол учун, Пастдарғом тумани Оқ манғит маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Б.нинг яшаш хонадонида каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланди. Жомбой тумани Назар маҳалласида истиқомат қилувчи Т.А.нинг яшаш уйида ўтказилган тинтув чоғида марихуанна гиёҳвандлик моддаси борлиги, шу туманнинг Алишер Навоий номли маҳалласида яшовчи К.Н. эса уйида икки дона – “GAMO” ва “SMITH Wesson” 4.5 мм калибрли пневматик қурол сақлаб келаётгани маълум бўлди. Тойлоқ тумани Олмазор маҳалласида яшовчи М.А. ҳам уйида ноқонуний равишда бир дона ов қуролини сақлаб келаётган экан. Булунғурлик У.Б.нинг хонадонида эса диний мазмундаги 42 та китоб борлиги аниқланиб, экспертиза учун юборилди.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, аниқланган барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА