Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман”
17:07 / 2022-09-29

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бағишлайди. Касбига бўлган садоқати, фидоийлиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.

Андижон вилояти Жалақудуқ туманининг асосан қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайдиган Абдуллабий қишлоғидаги 29-умумий ўрта таълим мактаби қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гулбаҳор Маматхалилова ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади.

Гулбаҳор Маматхалилованинг Қирғизистон давлат университети қирғиз тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, ўзи таҳсил олган мактабда иш бошлаганига ҳам қарийб қирқ йил бўлди. Ўз даврида ёш мутахассис устозлари, хусусан, таълим тизимида бир умр меҳнат қилган, география фани ўқитувчиси, отаси Садирбек Маматхалиловдан ўқитувчилик касбини пухта ўрганди, билимларини бойитди. Айни кунда дарслар ўзбек ва қирғиз тилида ўқитиладиган мазкур мактабда уч юз нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Мактабда ўқувчиларнинг ўзлари танлаган тил бўйича ўқиши, билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган.

Эътироф этиш керакки, Г. Маматхалилова меҳнат фаолияти давомида доимий изланди, ўз устида ишлади, изланди, ўқиди, ўрганди. Ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий қўлланма ва тавсияномалар ишлаб чиқди. Унинг илғор иш услубларини ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида турли йилларда туман, вилоят миқёсида семинарлар ўтказилди. Бугун Гулбаҳор Маматхалилова ўз ишининг етук мутахассиси, моҳир ва тажрибали устоз сифатида эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топган.

Тажрибали педагог дарсларни ноанъанавий усулларда ўтишга, қирғиз тили ва миллий анъаналарини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратди. Устознинг жуда кўп ўқувчилари турли йилларда фан олимпиадасининг туман, вилоят, республика босқичларида ғолибликни қўлга киритган. У таълим берган ўқувчиларнинг кўпчилиги бугун олий ўқув юртларида ўқимоқда.

– Айни кунда вилоятдаги бир нечта мактабда таълим тўла қирғиз тилида олиб борилади, ўнлаб умумтаълим мактабларида қирғиз тилида ўқийдиган синфлар бор, – дейди Гулбаҳор Маматхалилова. – Бундан ташқари, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида кўплаб қирғиз ёшлари таҳсил олмоқда. Умуман, юртимизда яшаётган қирғиз халқи вакилларининг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароитлар яратилган. Қирғиз тилида ўқитиладиган синфлар барча фанлар бўйича қирғиз тилидаги дарсликлар билан тўла таъминланган.

Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб қилади. Қолаверса, кимки ўз ишига меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли Г.Маматхалилова ҳам бутун фаолияти давомида фидойилик билан меҳнат қилди. Шу боис ҳам эл-юрт орасида ҳурмат топди, қолаверса, унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланди.

– Қирғиз миллати вакили, чекка қишлоқда яшаётган оддий ўқитувчи бўлсамда меҳнатларим эътироф этилиб, қадр топаётганимдан бошим кўкка етди, – дейди Г.Маматхалилова. – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Очиғи, инсон қадри улуғланадиган, миллатлараро тотувлик юксак даражага кўтарилган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Кўрсатилган эътибор, берилган юксак мукофот менга куч, шижоат беради, янада фаол бўлишга, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ундайди.

Фахриддин Убайдуллаев, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА