Президентимизнинг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан 2026 йилга оид асосий вазифалар ва мақсадлар белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йилда 1 миллион нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш ва 263 минг оилани камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик даражасини 2,8 фоизга, ишсизлик даражасини эса 4,5 фоизга тушириш кўзда тутилган. Бу кўрсаткичлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Фармон маҳаллаларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини фаоллаштириш орқали 10 мингдан зиёд лойиҳани ишга тушириш ва қўшимча 100 минг янги иш ўрни яратиш вазифасини белгилайди. Бу, ўз навбатида, маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш ва ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, фармонда камбағалликни қисқартириш учун 1,1 миллион нафар аҳолини махсус хизматлар билан қамраб олиш, шунингдек, ваучер тизими орқали 120 минг нафар фуқарони касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш вазифаси белгиланди. Бу тадбирлар ишчи кучи салоҳиятини ошириш, рақобатбардошликни кучайтириш ва аҳолини иқтисодий фаолликка жалб қилишга хизмат қилади. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш жараёнларида хусусий секторнинг улушини 40 фоизга ошириш орқали давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги мустаҳкамланади. Бу механизм соҳада инновацион ёндашувларни жорий қилиш ва таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Маҳаллаларни ривожлантириш учун ва камбағалликни қисқартириш чоралари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади. Шунингдек, маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва аҳоли даромадларини ошириш учун ҳудудий йўл хариталари ишлаб чиқилади.
Фармон ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарияти зиммасига юклатилган.
Бир сўз билан айтганда, фармон ижроси мамлакатда камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш ва маҳаллаларни барқарор иқтисодий ҳудудга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида ижтимоий адолат ва иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Ш.Маматуропова, ЎзА