English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
08:32 / 2019-12-10

“Серқуёш ҳур ўлкам элга бахт нажот...”. Мадҳиямизнинг бош сўзлари эндигина тили чиққан, ҳали баъзи ҳарфларни тўлиқ талаффуз қила олмайдиган кичик қизим тилидан янграгани қулоғимга ўзгача ёқимли эшитилди.


“Серқуёш ҳур ўлкам элга бахт нажот...”. Мадҳиямизнинг бош сўзлари эндигина тили чиққан, ҳали баъзи ҳарфларни тўлиқ талаффуз қила олмайдиган кичик қизим тилидан янграгани қулоғимга ўзгача ёқимли эшитилди.

“Боягина қўғирчоғини ўйнаб ўтирганди-я” дея зимдан кузатдим. Бош қўшиғимизни тутилмай хиргойи қилаётганида болаларча сўзга меҳр яққол сезилар, қўли кўксида, жажжи бармоқчалари озгина титраб турарди...

Юрагим энтикиб кетди. Нимадан дейсизми? Миллат фахри бўлган мадҳиямизни ўрнидан туриб, меҳр билан ижро этаётган қизалоғимнинг миттигина юракчасида ватанга бўлган муҳаббат жўш ураётганидан.

“Қизим, буни кимдан ўргандинг?”, дея савол бераман. “Ҳай куни манови телевизойда шу қўшиқни айтишади. Тунов куни кўйсатган баййамда шу қўшиққа ҳамма ўйнидан туйдику...”

Ўзимни ёмон кўриб кетдим. Яна нимага дейсизми? Миллий ифтихоримиз бўлмиш мадҳиямизни аввало, қизимга ўзим ўргатмаганимдан...“Фарзанд тарбиясида ҳали билишим лозим бўлган жиҳатлар кўп экан” дея ўзимни ўзим койидим ҳам.

1992 йил 10 декабрь. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Бу пайтда мен тўрт яшар қизалоқ эканман. Гарчи кичик қизимнинг айни пайтдаги ёшидан бироз катта бўлсам-да она Ватанни улуғловчи бирор бир қўшиқ ёдлаганмиканман? Албатта йўқ. Мана, бугуннинг боласига истиқлол берган неъмат.

Мадҳия — вужудимизга сингиб, қалб қўридан, кўнгил тўридан жой олган ғурурбахш ва фарахбахш оҳанг. У ҳамиша ёқимли акс-садо беради. Йиллар чиғириғида янги мазмун билан сайқалланиб, ўсиб келаётган ёш авлодни она заминга, муқаддас ватанимизга бўлган меҳрини янада оловлантиради.

Мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азм-у шижоатимиз ошганини қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Мадҳиямиз юрагида ватан ишқи оловланган ҳар бир ватандошимиз қалбида миллий ғурур, ўзликни англаш, миллий қадриятларни қадрлаш, ватанпарварлик, бунёдкорлик, барқарорлик ва биродарлик тимсолига айланаётгани шубҳасиз. Унинг ғурурбахш садоси дунёнинг кўплаб мамлакатларида, катта-кичик шаҳарларида, халқаро анжуманларда, турли учрашув ва тантанали маросимларда, йирик спорт мусобақаларида янграмоқда.

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!

Истиқлол машъали, тинчлик посбони,

Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Асрлар оша ўзбек миллатининг бағрикенглиги, ёш авлод миллат эртаси экани, кўтаринки руҳ ва даъваткорлик, ҳар бир сатрида буюк аждодларимиз қолдирган улкан мерос, келажагимизга бўлган ишонч руҳи уфуриб турибди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Биз озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари – Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсоллари ҳамдир. Улар она Ватан – Ўзбекистон Республикасига ифтихор ва чексиз ҳурмат туйғусини тарбиялайди”, деган фикрларида мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани, чуқур тарихий илдизга эга, халқимиз донишмандлигини ифодаловчи рамзларимизга меҳр ҳиссини улуғлаш кераклигига даъват этади.

Мадҳиямиз матни муаллифи Абдулла Орипов суҳбатларининг бирида қуйидагиларни айтган эди: “…мадҳиянинг жанр сифатида ўз қонун-қоидалари бор. У жумладан, лирик қўшиқлардан фарқ қилади. Унинг юксак сурурига йиллар мобайнида турли тоифадаги, турли савиядаги фуқаролар якдил ватандошлар сифатида кўника борадилар. Мадҳия (гимн)ларнинг тарихи асли шундоқ. Баъзилар ҳозирги мадҳиямизнинг мусиқасини тинглаганда эски сўзлар эсга келаверади, деган гапларни ҳам қилишди. Айтиш лозимки, эски сўзлар эски авлодлар қулоғида кўмилиб кетди. Янги авлодлар янги мадҳияни хотираларининг тоза варақларига ёзиб олғусидир. Зеро, Давлат мадҳиямизнинг оҳанги мусиқа асари сифатида жаҳон давлатлари мадҳиялари орасида энг ноёбларидан бири ҳисобланади”.

Халқимизнинг асрий орзулари жо бўлган мадҳиямиз ёши улуғ инсонлари қалбида орзу истаклар рўёби, шукроналик туйғуларини мужассам этса, ёшлар қалбида миллий ифтихор, ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини ифодалайди.

“Бир пайтлар биз Ўзбекистон ҳам юксак шарафга муяссар бўлармикан, миллий рамзларимиз дунё саҳналарида баландга кўтарилармикан, деб орзу қилганмиз. Салкам қирқ йиллик ўқитувчилик фаолиятимнинг энг завқли дамларини истиқлол йилларидаги даврга тўғри келади, десам адашмайман. Айниқса эслайман, давлатимиз рамзларини ёш авлод онгига сингдириш, ўқувчиларга унинг туб моҳиятида қандай улуғ мақсадлар мужассамлигини етказиш бизга ўзгача шижоат бағишларди. Ўша кунги дарс соатларимиз қизиқарли ўтарди. Мана шунча йил ўтибди. Қувонарлиси, мадҳиямиз ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда”, дейди Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи Зулайҳо ая Маманазарова.

Бош қўшиғимиз қабул қилинганига ҳам 27 йил тўлди. Бугун бу ёшни қарши олган йигит-қизлар мустақил фикрлайдиган, жамиятда ўз ўрнига эга эркин шахсдир. Демак, миллий рамзимиз бўлмиш мадҳиямиз ҳам дунё ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг миллий ғурури, ифтихори сифатида бўй кўрсатаверади.

Навқирон ёшинг муборак, мадҳиям!

Дилфуза МАҲКАМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори