Шуҳрат Ғаниев: Барчамиз жипслашсак, коронавирусни албатта енгамиз
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев шаҳар-туманларда бўлиб, коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев шаҳар-туманларда бўлиб, коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда. Вилоят секторлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари иштирокида аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган профилактик суҳбатларда бу борада мамлакатимизда жорий этилган тартиб-қоидалар тушунтириляпти. Бугунги синовли кунларда барчамиз жипслашсак, коронавирусни албатта енгишимиз таъкидланмоқда.
Шуҳрат Ғаниевни Ёзёвон туманида учратдик. Вилоят раҳбари туманнинг чегара ҳудудида жорий этилган карантин постида вилоят аҳолисига мурожаат қилди.
–Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали барчамиз коронавирус пандемияси билан боғлиқ жараёнларни кузатиб бормоқдамиз, дейди вилоят раҳбари. – Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва ҳукуматимиз томонидан бу офатдан халқимизни асраш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Шу йилнинг 26 март куни давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда айни вазиятдан келиб чиққан ҳолда бир қатор устувор вазифалар белгиланди.
Фидойи шифокорларимизнинг бугунги фаолияти жанг майдонидаги қаҳрамонликка тенглаштирилди. Бу соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида 5 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлган мукофот пулларини бериш тартиби жорий этилди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда коронавирус инфекциясига қарши курашиш фаолиятига жалб этилган ҳар бир мутахассиснинг фидойилиги қаҳрамонликдир.
Бу борада вилоятимизда ҳам 4 та сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ҳудудларга бириктирилди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш орқали ваҳима ва саросимага ҳожат йўқ эканлиги тушунтириляпти. Шаҳар-туманлардаги мавжуд ҳолат секторлар кесимида тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази мутахассислари, маҳаллий ҳокимликлар иштирокида ўрганиляпти.
Бугунги кун ҳолатига вилоятда 6 та коронавирус инфекцияни юқтириш ҳолати аниқланган. Вилоятдаги 2 та санаторийда хориж давлатларидан чартер рейслари орқали олиб келинган 600 нафар Ўзбекистон фуқаролари карантин муддатини ўтамоқда.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда вазият барқарор. Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган масофадан ишловчи махсус жиҳозланган транспорт воситалари доимий ҳаракатда. Санитария-гигиена осойишталиги бўйича тузилган тарғибот гуруҳлари ҳудудларда тушунтириш ишларини давом эттирмоқда.
Оила аъзоларимиз, айниқса, нуронийлар ва фарзандлар учун бугун уй энг хавфсиз жой ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектлари, корхона-ташкилотлар фаолияти бир маромда давом этмоқда. Бозорларда нарх-наво ошиб кетишидан хавотирга тушишга мутлақо асос йўқ. Озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа кундалик зарурий маҳсулотлар захираси тўлиқ шакллантирилган. Қишлоқ хўжалиги юмушлари ўз муддатида бажарилиб, вилоятнинг барча ҳудудларида чигит экилмоқда, мевали боғлар барпо этиляпти.
Таълимда таътил эълон қилинган шу кунларда ота-оналар зиммаларидаги масъулиятни жиддий ҳис этишлари зарур. Бундай пайтда инсонларни эзгуликка чорловчи, эзгу фазилатларни шакллантирувчи китоб мутолааси энг яхши даво эканлигини ёдимиздан чиқармайлик. Улуғ аждодларимиз, тарихий шахслар ҳақида жуда яхши китоблар чоп этилган. Замонамиз ёзувчи-шоирларини мароқ билан ўқишга тавсия этиш мумкин бўлган асарлари жуда кўп.
Куни кеча 86 ёшида вафот этган Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимовнинг айнан бугунги кун руҳиятига мос бўлган тарбиявий аҳамиятга эга шеърий мисраларини такрор ва такрор ўқиш мумкин. Бу каби синовли кунларда адабиёт ҳаёт мазмун-моҳиятини англатувчи улкан сабоқдир.
Бугунги вазият ҳар куни, ҳар дақиқа Президентимиз ва ҳукуматимиз назоратида турибди. Мамлакатимиз бундай хавф-хатарларга қарши курашишда қудратли салоҳиятга эга. Шу боис хавотирланиш учун ҳеч бир асос йўқ!