Шри-Ланканинг собиқ етакчиси Ранил Викрамасингх “давлат маблағини нотўғри ишлатиш”да айбланиб, қўлга олинди, деди полициянинг юқори мартабали терговчисига таяниб “Arab News”.
– Викрамасингх 2023 йил сентябрда, давлат раҳбари бўлиб ишлаган пайти рафиқаси Британия университетида ўтказилган маросимда иштирок этиши учун Лондонга боргани юзасидан сўроқ қилиниши натижасида ушланди, – деди зобит.
У собиқ раҳбар шахсий манфаат учун давлат ресурсидан фойдаланишда айбланаётганини қўшимча қилди.
Гап шундаки, Викрамасингх 2023 йил Гаванада G77 саммитидан қайтаётиб, Лондонда тўхтаган ва рафиқаси Майтри Вулверхэмптон университетидаги маросимда иштирок этган.
Собиқ етакчи таъкидлашича, рафиқаси саёҳат харажатини ўзи тўлаган ва ҳеч қандай давлат маблағини ишлатмаган.
Полиция эса жиноят қидирув департаменти собиқ мулозим шахсий саёҳати учун, ҳатто, тан соқчиларига ҳам давлат маблағидан фойдаланганини айтди.
Викрамасингх 2022 йил июлидан аввалги давлат раҳбари Готабая Ражапаксанинг қолган муддатига Президент бўлди. Коррупция ва нотўғри бошқарувда айбланган Ражапакса бир неча ойлик норозилик намойишидан кейин истеъфога чиққанди.
Викрамасингх ўша йили мамлакатдаги энг ёмон молиявий инқироздан кейин иқтисодиётни барқарорлаштиришга ёрдам берган раҳбар сифатида тилга олинади.
У ўтган йил сентябрь ойидаги президентлик сайловида ютқазган.
М.Пирматова, ЎзА