Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шри-Ланка 2023 йилда чой ишлаб чиқаришни кескин оширишни режалаштирмоқда
19:26 / 2022-11-09

Шри-Ланкада келаси йилда ўғитлар ва агрохимикатлар қўлланиши ҳисобига чой етиштириш ҳажми 300 миллион килограммга оширилади. The Daily Mirror газетаси Цейлон плантаторлари Ассоциацияси маълумотларига таяниб шу ҳақда ёзмоқда.

«Шри-Ланкада чой ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 2023 йилда 300 миллион килограммга етказилиши мумкин, чунки ҳукумат ўғитлар ва агрохимикатларга қўйилган тақиқни бекор қилиши кутилмоқда. Ўғит муаммолари ва бошқа қатор омиллар 2022 йилда ҳосил чўғини пасайтириб юборган. Жорий йилда оролда рекорд даражада оз, яъни 260 миллион килограмм чой етиштирилди», — дейди Ассоциация раиси Сенаки Алаваттегама.

Мамлакат чой саноатини мувофиқлаштирувчи миллий орган ҳисобланган Sri Lanka Tea Board (SLTB) берган маълумотга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида Шри-Ланкада чой етиштириш 26 йилликнинг энг паст кўрсаткичини, яъни 192,37 миллион килограммни қайд этган. Бу 2021 йилнинг шу даври билан таққослаганда 42,35 миллион килограммга кам.

Шри-Ланка чой етиштириш бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат мазкур маҳсулот бўйича жаҳон экспортининг 23 фоизига эгалик қилади. Орол чой саноатида 135 минг киши, тахминан 20 та плантация компанияси, 590 та чой ишлаб чиқариш фабрикаси банд. Бундан ташқари, 280 компания чой экспорти билан шуғулланади. Экспертларнинг таъкидлашича, Шри-Ланка жорий йилда 1,4 миллиард долларлик чой экспорт қилган. 2021 йилда бу кўрсаткич 1,3 миллиард долларни ташкил этган эди.