Пойтахтимиздаги “Пахтакор” қиличбозлик залида кадетлар тоифасида ўтказилган Ўзбекистон кубогида шпага йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Мусобақанинг яккалик баҳсларида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 100 нафарга яқин қиличбозлар орасида Озода Усмонжонова ҳамда Вадим Банаутдинов барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ўзбекистон кубогининг кумуш медали эса Озодбек Зайнобиддинов ва Зарина Ҳамробоевага насиб қилган бўлса, Улзода Жуманазарова Асал Тошмуҳаммедова, Асилбек Ибодуллоев ва Фирдавс Суюндиқов бронза медали билан тақдирланди.

Ўғил болалар ўртасида ўтган жамоавий беллашувларда Бухоро 1 жамоаси Ўзбекистон кубоги ғолибига айланди.

Шу тариқа, қиличбозлик бўйича кадетлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги якунланди. Мусобақа давомида қиличбозликнинг сабля, рапира ва шпага йўналиши бўйича муваффақиятга эришган спортчилар ўз ёш тоифаларида терма жамоа сафида маҳоратларини ошириш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА