Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондони Сергей Суровикинга иттифоқчи кучларни Херсон йўналишида Днепр дарёсининг ўнг қирғоғидан сўл қирғоғига хавфсиз олиб ўтиш учун барча чораларни кўришни буюрди, деб ёзмоқда РИА Новости.
"Қўшинларни олиб чиқишга киришинг ва шахсий таркибни, қуроллар ва техникаларни Днепрдан хавфсиз ўтказиш учун барча чораларни кўринг", – дея топшириқ берган мамлакат мудофаа вазири бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондонлигига, дейилади хабарда.
Шунингдек, вазир кўчишга хоҳиш билдирган тинч аҳоли ўнг қирғоқни тарк этганига ишонч ҳосил қилиш зарурлигини уқтирган. Унинг таъкидлашича, Россия қўмондонлиги тинч фуқароларнинг хавфсизлигига эътибор қаратиши керак.
Бундан ташқари, Шойгунинг қўшимча қилишича, ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва саломатлиги Москва учун ҳар доим устувор ҳисобланган.
Сергей Суровикиннинг вазирга ҳисоб беришича, мудофаа чизиғини сўл қирғоққа олиб ўтиш фронт чизиғидаги вазият ҳар томонлама ўрганиб чиқилгандан кейин таклиф этилмоқда. Генерал ушбу қарорни қабул қилиш “осон кечмаганини” айтган ва шу йўл билан россиялик жангчиларнинг ҳамда қўшинларнинг жанговар қобилиятини сақлаб қолиш мумкинлигини, аскарларни ўнг қирғоқда сақлаб туриш беҳуда эканини таъкидлаган.