Давлатимиз раҳбарининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ички ишлар органларига ҳам қатор вазифалар юкланди.
Фармон ижроси бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов маълумот берди:
– Гиёҳвандлик воситаларининг аҳоли орасида тарқалишига чек қўйиш, бу иллатнинг машъум асоратларидан ёш авлодни муҳофаза қилиш – энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Бу борада Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегияда белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган Президент фармони келгусидаги вазифалар йўлида чинакам дастуриламал бўлди.
Ички ишлар вазирлиги томонидан мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини соҳавий ва ҳудудий бўлинмаларга етказиш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Асосий эътибор гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш, уюшган наркожиноятчиликка чек қўйишга қаратилмоқда. Шунингдек, вояга етмаганлар ва ёшлар келажагини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан муҳофаза қилиш ҳар бир ходимнинг долзарб вазифаси эканлиги алоҳида қайд этилиб, бу борада уларнинг масъулияти тубдан оширилмоқда.
Айниқса, профилактика инспекторлари фаолиятига эътибор қаратилиб, уларни маҳаллалар ҳудудида ғайриқонуний нарколабораториялар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда қадоқловчи цехларни аниқлаш бўйича ўқитиш йўлга қўйилди.
Ҳудудий ички ишлар органларининг 6 мингдан зиёд ходимига, 2 минг нафарга яқин профилактика инспекторига мутахассислар томонидан ўқув машғулотлари ўтказилди.
Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури доирасида наркожиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш йўналишида тезкор-профилактик тадбирлар жадаллаштирилди.
Жорий йил 20 ноябрдан республика миқёсида «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг учинчи босқичига старт берилди.
Ички ишлар органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда гиёҳвандлик воситаларини республика чегарасидан олиб кириш йўналишларини, интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳаракатларини, ноқонуний нарколабораторияларни ва наркожиноий уюшмаларни, шу жумладан, уларга ҳомийлик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш, улар фаолиятига чек қўйиш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ва тергов фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳозирга қадар ўтказилган 481 тезкор-қидирув тадбирлари давомида 56 жиноят фош этилди. Гиёҳвандлик йўналишида жами 82 ноқонуний ҳолат аниқланиб, жиноий гуруҳ ва шахслардан 7 кг. 656 гр. наркотик модда ва 3 минг 85 дона психотроп дори воситалари олинди.
Профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишларига ҳам урғу берилиб, таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар орасида психофаол моддаларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда бу иллатга муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар комплекс равишда амалга оширилмоқда.
Гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари юзасидан тўлиқ тушунча бериш мақсадида 518 маротаба маҳалла ёшлари ўртасида, 569 маротаба таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Юртдошларимиз саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳамда бунга сабаб бўлаётган уюшган наркожиноятчиликка чек қўйишга қаратилган тадбирлар Ички ишлар органлари томонидан мунтазам равишда давом эттирилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА