French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шовқин темирни емиради... инсонни-чи?
17:07 / 2026-02-26

Мулоҳаза учун мавзу

Шовқин темирни ҳам емиради. Бу ибора замирида шунчаки мажозий ўхшатиш эмас, балки аччиқ илмий ҳақиқат мужассам. Ушбу мавзу бўйича фикрларни жамлаб юрган пайтимда бир воқеа ёдимга тушди. Бундан чамаси ўттиз йиллар олдин “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида таниқли журналист Мурод Абдуллаев айнан шу мавзуда мақола эълон қилиб, оламга бонг урган эди. Ўша пайтда мен ва бошқаларда бу масалага бироз юзаки қараш устун келиб: “Замон ўзгаряпти, техника ривожланяпти, нима, энди оқимга қарши чиқиш керакми?” деган ўйлар бўлганди. Аммо, вақт олий ҳакам. Бугун англаяпмизки, шовқин нафақат темирни, балки инсон руҳиятини ва келажак авлод соғлиғини ич-ичидан емирувчи “кўринмас жаллод”га айланди.

Бугунги глобаллашув замонида қулоқчин ичидаги “асирлик” ва сунъий дунё ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Кўча-кўйда, жамоат транспортида қулоқчин тақиб олган йигит-қизларни кўриб, наҳотки инсон қулоғи 100-110 децибеллик баланд мусиқага дош берса, деб ўйлаб қоласиз. Ваҳоланки, илм-фанда 40-50 децибеллик оддий суҳбат овози хавфсиз меъёр ҳисобланса, қулоқчиндаги баланд овоз 15 дақиқа ичида қулоқдаги нозик ҳужайраларни ўлдира бошлайди. Бу худди реактив самолёт овозининг бевосита мияга зарба бериши билан баробардир.

Яна бир ачинарли жиҳат бепарволикнинг бадали сифатида “телефон тинчлиги” жамиятда нормага айланаётганидир. Бир куни дўстимга қўнғироқ қилсам, гўшакни набираси олди. Дўстимдан нега телефонни доим набиранг олади, деб сўрасам: “Боғчадан келиб хархаша қилади, телефонни бериб, қулоқчинни тақиб қўйсак, жимгина ўтиради, ҳеч кимга халақит бермайди-да”, дейди. Унинг бу гапидан ранжигандек бўлдим. Ўйлаб қарасам, ўзимизнинг хонадонда ҳам шу аҳвол экан. Набиралар ота-онасининг телефонига муштоқ. Биз вақтинчалик сокинлик учун гўдакнинг соғлиғини “шовқин занжири”га қурбон қилмаяпмизми? Ваҳоланки, баланд овоз боланинг эндигина шаклланаётган кўз рефлексларини ва руҳий барқарорлигини ҳам емиради.

Тажрибали, биринчи тоифали шифокор Аъложон Саримсоқовнинг таъкидлашича, ҳозирги замонавий мусиқа ишқибозларининг қарийб 20 фоизида эшитиш қобилияти 85 ёшли қариялар даражасига тенглашиб қолган. Бу нафақат қулоқ пардасининг зарарланиши, балки миянинг товуш сигналларини қайта ишлаш марказларининг толиқишидир. Юқори частотали шовқин асаб тизимининг зўриқишига олиб келади, оқибатда инсон толиқади, нохуш кайфиятда бўлади ва бора-бора юрак-қон томир касалликлари, ҳатто миокард инфаркти келиб чиқиши мумкин. Шунингдек, уйқу бузилиши нафақат чарчоқ, балки метаболик бузилишларга ҳам олиб келиши ва диабет каби касалликларга таъсир кўрсатиши мумкин.

Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида “мусиқа тинчлантиради”, – деган тушунча мавжуд. Албатта, мусиқанинг ижобий таъсири бор. Аммо, меъёрдан ошган ҳар қандай нарса зарар. Айниқса, қулоқчин инсонни атроф муҳитдан узади. Ота-она чақириқлари, йўл ҳаракати овозлари, жамоат жойидаги огоҳлантиришлар эшитилмай қолиши кўп кузатилган ҳолатдир. Баланд овозда, соатлаб қулоқчин тақиб юриш, бу оддий одат эмас, балки саломатликка секин таъсир қилувчи хавфдир.

Дарҳақиқат, шовқин ХХI асрнинг кўринмас вабосидир. Бир олимнинг фикрича, юқори шовқин жамият ривожланишининг асосий камчилигидир. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўттиз фоиз касалликлар инсонларга шовқиннинг салбий таъсири натижасида содир бўлмоқда. Чарчоқ, қон босимининг ошиши, ошқозон-ичак яллиғланиши, хотира заифлиги ва неврит-психик касалликлар шулар жумласидан. Асаб тизими шовқиндан энг кўп зарар кўради. Шаҳарликлар ўртасида кенг тарқалган бош оғриғи дардининг 80 фоизи ва асаб касалликларининг 30 фоизи айнан биз эътибор бермайдиган доимий “овоз девори” фонида шаклланади.

Бу хавфни камайтириш учун тиббиёт мутахассислари аниқ ва ҳаётий тавсияларни илгари суришади. Аввало, “60/60 қоидаси”га амал қилиш, яъни мусиқа овоз баландлигини 60 фоиздан оширмаслик ва кунига 60 дақиқадан ортиқ қулоқчин тақмаслик зарур. Шунингдек, мия фаолиятини тиклаш учун ҳар куни мутлақ сокинликда бўлиш ва имкон қадар қулоқ ичига кирувчи эмас, балки ташқи қулоқчинлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Мақоланинг якунида шуни таъкидлашни лозим кўрдик. Тинчликни соғлиқ учун қайтаринг тамойили бугунги куннинг шиори бўлиши керак. Соғлиқ – қайта берилмайдиган бойлик. Темирни емирган шовқинни муҳандис тўхтатар, аммо, инсон асаби ва мия фаолиятидаги издан чиқишларни фақат инсоннинг ўзи назорат қила олади. Қулоқчинлар ортида эмас, ҳаётнинг асл ва сокин оҳанглари билан уйғун яшашни ўрганишимиз лозим. Зеро, шовқин темирни емирса, бепарволик келажакни емиради. 

Бугун қулоқчинларни ечиб, бир-биримизни тинглайлик, токи эртага кеч бўлмасин.

Асрор СУЛАЙМОНОВ, ЎзА шарҳловчиси.