Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Россия ва Беларусь шаҳарлари бўйлаб ўтказилаётган “Ғалаба йўллари” халқаро медиа турида қатнашаётган МДҲ мамлакатлари ахборот агентликлари журналистлари Санкт-Петрбург шаҳридаги “Ленинград қамалидан ўтиш" музей-қўриқхонаси ҳамда “Ленинград қамали ва мудофааси” давлат музейларида бўлди.
Ушбу муассасаларда 1941 йил 8 сентябрдан 1944 йил 27 январгача давом этган 900 кунлик Ленинград қамали билан боғлиқ ҳужжат ва буюмлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар жойлаштирилган.
Жумладан, “Ленинград қамали ва мудофааси” музейида 1942 йил 8 августда шаҳар филармонияси катта залида композитор Дмитрий Шостаковичнинг еттинчи симфонияси ижро этилиши ҳақидаги афишани кўриш мумкин.
– Дирижёр Карл Элиасбер бошчилигидаги 80 кишилик оркестр қарийб икки соат мазкур симфонияни ижро қилади, - дейди музей ходими Денис Мастридеев. – Концерт давомида ҳеч ким зални тарк этайди, тугаганидан кейин ҳам узоқ вақт композитор ва оркестрни олқишлашади. Умуман, шаҳар қамал ҳолатида, озиқ-овқат таъминоти ва бошқа хизматлар оғир бўлса-да аҳоли руҳини кўтариш мақсадила шаҳардаги барча театрларда спектакл ва концертлар намойиш этилган. Агар бу пайтда гитлерчи қўшинлар шаҳарга самолётлар орқали бомба ташлаган пайтда артист ва томошабинлар махсус жойларга яшириниб турган. Бизнинг музейимизни ташкил этиш ҳаракати ҳам, албатта, қамалдан сўнг, лекин айнан уруш пайтидаёқ бошланган.
Пискарёв ёдгорлик мажмуаси бўлим бошлиғи Анна Зегребнованинг қайд этишича, Ленинград қамали пайтида шаҳарда бўлганлардан бири бомбардимон сабабли “Уч мушкетёр” спекталини саккиз марта ҳам охиригача кўра олмаганини айтган.
Музейдаги яна бир кундалик эътиборни тортади. Таня исмли қиз ўз кундалигида яқинлари ва қўшниларининг қачон вафот этганини ёзиб боради. У отаси, ака ва опаси ҳам бедарак йўқолганини ёзиб, улар вафот этган бўлса керак, дейди. Лекин қамалдан сўнг акаси ва опаси топилади.
Музейлардаги ҳеч бир ашё ёки маълумотни шунчаки томоша қилиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири уруш давридаги мураккаб ҳаёт, фожеали тақдирлар, жасорат ва ватанпарварлик, мардлик ва қаҳрамонлик орқали буюк ғалабага эришилганини ифода этади.
[gallery-25414]
Россия Федерацияси ахборот агентлиги – ТАСС ташаббуси билан ўтказилаётган халқаро медиа тур Россиянинг яна бир қаҳрамон шаҳри Волгоградда давом этади.
Ғолиб Ҳасанов, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА
Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳри.