Мамлакатимизда барча турдаги мулкка бўлган ҳуқуқлар дахлсизлиги кафолатланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир нечта моддаларида фуқароларнинг мулк ҳуқуқи кафолатлари белгиланган.
Бош қомусимизнинг 66-моддасида мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши эътироф этилган. Қонун ҳужжатларида мулк дахлсизлигини бузиш учун жиноий жазолар белгиланган.
Аммо шундай қонуний чоралар кўрилишига қарамай, сўнгги пайтларда аҳоли орасида “фирибгар” деган сўз тез-тез эшитилмоқда. Фирибгарлик ва кибержиноятлардан жабр кўрганлар сони ошиб бормоқда.

Масалан, 2025 йилда мамлакатимизда 46 мингдан ортиқ кибержиноят содир этилган. Афсуски, “шум”ликни “фириб”нинг манбаига айлантириб, ишонувчан ва содда фуқароларимизни алдаётган айёр шахслар сони ортиб бормоқда.
Айрим кўнгилчан инсонлар билан муомала жараёнида айрим замондошларимиз ишончни дарҳол суиистеъмол қилишга ҳаракат қилмоқда.
Хўш, фирибгарлик нима? Бу қандай жиноят? Нимаси билан ижтимоий хавфли? Қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик жинояти учун жавобгарлик назарда тутилган.
Фирибгарлик алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритишдир.
Фирибгарликда ёлғон маълумотлар жабрланувчини адаштириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати ёки нияти (масалан, ўзини мансабдор ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириш) кириши мумкин.
Жабрланувчини адаштиришга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар қаторига битимни сохталаштириш, қимор ёки таваккалчиликка асосланган ўйинларда алдов усулларини қўллаш, банк ёки пластик карталардан пулларни ноқонуний ечиб олиш ва бошқалар киради.
Хуллас, фуқаролар кўп ҳолларда ўз бойликларини айёр фирибгарнинг ўзига ишониб топширишади. Шу сабабли фирибгарлик жинояти кўпинча айёр ва тажрибали шахслар томонидан соддадил, ишонувчан одамларга нисбатан содир этилади.
Бундай жиноятларга қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасида бўлмаслиги керак. Профилактика ишлари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ахборот хавфсизлиги бўйича кўникмаларини ошириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки хабардорлик ва ҳушёрлик — жиноятларнинг олдини олишда энг самарали воситалардан.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Адлиявазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, ЎзбекистонМаҳаллалариуюшмасиҳамкорликда мамлакат бўйлаб “Огоҳ бўлинг, фирибгар!” акциясини амалга оширмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади фирибгарлик ва киберфирибгарликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлигини ошириш ва уларга амалий ёрдам беришдир.
Сўнгги пайтларда фирибгарлик анъанавий усуллар билан бирга интернет ва замонавий технологиялар орқали ҳам амалга оширилмоқда. Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожи туфайли киберфирибгарлик ҳолатлари кенгаймоқда. Телефон қўнғироқлари, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, сохта веб-сайтлар орқали амалга оширилаётган жиноятлар аҳоли учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Фирибгарлар телефон орқали алдаш, сохта ютуқ ваъдалари, кредит ва субсидия баҳонасида мурожаатлар, сохта эълонлар, банк картасидан пул ечиб олиш, ижтимоий тармоқлардаги сохта саҳифалар орқали фириб қилиш каби усуллардан фойдаланмоқда.
Интернетда арзон таклифларга ишонманг, олдиндан тўлов қилишда эҳтиёт бўлинг, саҳифа ва аккаунтларни текширинг, икки босқичли ҳимояни ёқинг.
Энг муҳими, шошилтириш фирибгарнинг қуроли, текшириш эса фуқаронинг ҳимояси эканини унутмаслик керак.
Хулоса қилиб айтганда, фирибгарлик давримизнинг жиддий таҳдидидир. Унга қарши энг кучли восита эса билим, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик саналади. Ҳар бир фуқаро ўз молиявий хавфсизлиги учун масъул. Фирибгарликка қарши кураш барчамизнинг умумий вазифамиз.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раисибиринчи ўринбосари.
ЎзА