Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шошилинч тиббий ёрдамнинг долзарб масалалари Самарқандда муҳокама этилди
09:08 / 2021-05-22

Самарқандда “Шошилинч тез тиббий ёрдамнинг долзарб муаммолари: шошилинч тиббий ёрдамда минимал инвазив технологияларнинг ўрни ва аҳамияти” мавзуидаги XVI республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда юртимиз тиббиёт соҳаси вакиллари билан бирга Россия, Озарбайжон, Украина, Корея республикаларидан ҳам олимлар, мутахассислар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Ҳожибоев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов юртимизда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Биргина Самарқанд вилоятида бугунги кунда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали ва унинг 16 та ҳудудий суб-филиаллари томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида тез тиббий ёрдам хизматининг автотранспорт парки 135 тадан 313 тага етказилди. Тез тиббий ёрдам шохобчалари сони 50 тадан 169 тага кўпайди. Бундай имконият тиббий бригадаларнинг чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бориши ва малакали тиббий хизмат кўрсатилишига хизмат қилмоқда. Чақириқлар сони ҳам мос равишда 492 мингтадан 959 мингтагача ошди.

– Тез ёрдам учун дори-дармон воситаларига ажратилган маблағ 2016 йилда 449 миллион сўм бўлгани ҳолда, 2020 йилда 5,2 млрд сўмга етди, – деди Э.Турдимов. – Вилоятимиз аҳолисига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини ошириш, унинг моддий-техник базасини янада яхшилаш мақсадида 2019 йилда 1,6 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 2020 йилда бу кўсатгич 5,5 миллиард сўмни ташкил қилди. Тез тиббий ёрдам филиалини жаҳон андазаларига жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган биносини қуриш учун Инвестиция дастури доирасида 96 миллиард сўм маблағ ажратилган. Мазкур янги бино шу йилнинг ноябрь ойида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, филиалнинг Булунғур, Ургут, Иштихон ва Пахтачи субфилиаллари негизида 210 ўринли ўткир юрак қон-томир ва жароҳатларда шошилинч ёрдам кўрсатишга ихтисослаштирилган туманлараро политравма марказларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

[gallery-2488]

Конференция давомида хорижлик мутахассислар шошилинч тиббиёт тизимида янги технологияларнинг жорий этилиши бевақт ўлимларнинг олдини олиш, оғир аҳволда келган беморларнинг асоратсиз даволаниб кетиши учун кенг имконият яратаётганини таъкидлади.

– Тизимда ҳар йили 220 мингдан зиёд стационар жарроҳлик амалиётларининг 50 фоиздан ортиғи юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалга оширилмоқда, – дейди республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари Даврон Тўлаганов. – Марказимиз ҳамда унинг филиаллари ҳар йили ишемик ва гаморрагик қон айланишининг ўткир касалликлари, қорин ва кўкрак бўшлиғи соҳасидаги патологиялар учун замонавий минимал инвазив аралашувларини амалга оширади. Марказда Марказий Осиёда биринчи марта замонавий технологиялар ёрдамида шу пайтгача амалга оширилмаган мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилмоқда.

Илмий-амалий конференция доирасида хорижлик мутахассислар томонидан Каттақўрғон шаҳри ҳамда республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида лапароскопияда жарроҳлик амалиёти ўтказиш бўйича маҳорат машғулотлари ташкил этилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА