Кейинги йилларда республикамизда ички истеъмолнинг ошиши, иқтисодиётнинг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши ва кўплаб турар жой биноларининг қурилиши энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни ортишига олиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, юртимиз ер қаридаги мавжуд табиий бойликларни излаб топиш, уларни қазиб олиш ва ҳалққа етказиб беришга қаратилган геология-қидирув ишларини жадаллаштиришни талаб қилмоқда.
Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида геология-қидирув ишлари дастури доирасида 2022 йилда республикамиз углеводород захирасини кўпайтириш, янги истиқболли майдонларни аниқлаш ва уларни чуқур бурғилашга тайёрлаш борасида самарали ишлар амалга оширилди.
Ушбу мақсадларда ўтган йили Бухоро-Хива ҳудудида 1 минг 839 кв.км ҳажмда 3Д сейсмик қидирув ишлари амалга оширилди.
“Шўртан” конлари гуруҳида амалга оширилган “Шўртан 3Д” лойиҳаси доирасида “Шўртан” конининг қуйи қатламлари бўйича олинган маълумотлар ўрганилиб, табиий газ истиқболли ресурслари 8 млрд. куб метрга яқин бўлган “Шўртан” терриген юра паспорти тайёрланди. Унга асосан лойиҳавий чуқурлиги қарийб 5000 метр бўлган “Шўртан” терриген юра биринчи излов қудуғида бурғилаш ишлари бажарилмоқда.
Бундан ташқари, 3D сейсмик-қидирув ишлари натижасида табиий газ ресурслари 4 млрд. куб метрдан кўпроқ бўлган янги “Карвонгузар” майдони аниқланиб, чуқур бурғилашга тайёрланди. Бугунги кунда ушбу майдонда ҳам излов бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.
Газли ҳудудидаги мавжуд конларнинг қуйи қатламларини ўрганиш, янги истиқболли майдонларни аниқлаш мақсадида амалга оширилган “Учқир 3Д” лойиҳаси бўйича “Учқир”, “Жанубий Аккум”, “Шарқий Хатар”, “Ҳарбий Аккум” конларининг геологик модели аниқлаштирилиб, қўшимча излов-қидирув ва қазиб олиш қудуқларини бурғилашга киритиш имконини яратмоқда.
Шунингдек, 3D сейсмик-қидирув ишлари натижасида жами ресурслари 5 миллиард метр куб табиий газ ресурсли “Нортепа” ва “Раҳматбобо” майдонлари аниқланиб чуқур бурғилашга тайёрланди. Бугунги кунда “Раҳматбобо” майдонида бурғилаш ишлари бошланган бўлиб, “Нортепа” майдонида бурғилашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати
ЎзА