Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги Зарбдор маҳалласида яшайдиган Менгнора Жўраева оила аъзолари билан уйида асалари парваришлаб, оилавий бюджетга қўшимча даромад келтирмоқда.
Асаларини бежиз етти хазинанинг бири, дейишмайди. У инсонга она табиат инъом этган ажойиб мўъжизалардан бири.
Мутахассисларнинг айтишича, асал таркиби ферментлар, витамин ва микроэлементларга бой. Унинг нафақат асали, балки заҳри, сути прополиси, гулчанги ҳам кўпгина хасталикларга шифо бўлади. Ёш болаларни ақлий ривожлантириш, жигар, ошқозон, тери, юрак-қон томир, асаб ва бошқа кўплаб хасталикларни даволашда яхши самара беради. Муми саноатда муҳим хомашё ҳисобланади.
Бўш вақтларида асаларига меҳр қўйишдан қалби ором топиб яшаётган Менгнора Жўраева тумандаги 47-мактабда психолог бўлиб ишлайди.

– Бу ҳашаротнинг инсон учун фойдаси беҳисоб, – дейди Менгнора Жўраева. – Ҳали у бизга инъом этадиган асалини қўя туринг. Унинг ўсимликдан ўсимликка учиб юришининг ўзи қишлоқ хўжалигига катта наф келтиради. Асалари ўсимлик гулини четдан чанглантириб, уларнинг турларини соғломлаштиради. Юқори маҳсулдор навларни шакллантиришга шароит яратади. Деҳқон ҳосилини нисбатан оширади. Асали рўзғорга мўмай даромад келтиради. Оила аъзоларимиз билан бу соҳага қўл урганимизда 4-5 қути асалари билан иш бошлаган эдик. Қизиқишимиз ошиб, бу ҳашаротни кўпайтиришга аҳд қилдик. Шу йил бир кам 40 қути асаларини парваришлаяпмиз.
Асаларичилик нозик касб саналади. Асаларичилар миттигина бу жониворни сирли ҳашарот, дея улуғлаб, парваришлайди. Асаларининг бир оиласида минглаб ишчи, юзларча эркак ва битта она асалари, тухум, личинка ва ғумбаклар ҳам бўлади. Уянинг кўп қисмини ишчи асаларилар ташкил этади. Баҳор ва куз фаслида табиатда гулчанги ва гулшира кўпроқ бўлганда ишчи асаларилар 40-45 кунгача яшай олади. Куз ва қишловдан олдин тухумдан чиққан асаларилар олти-етти ой яшайди. Эркак асаларилар баҳор ўрталарида вужудга келади. Ишчи асаларилар эркак асаларини фақат шира йиғиш пайтида боқади. Шира йиғиш иши тугаши билан, эркак асаларилар уядан ҳайдаб чиқарилади.
– Асал парваришлаш жараёнида бу ҳашарот ҳақидаги кўплаб қўлланмалар билан танишдик, – дейди Менгнора Жўраева. –Асалари оиласининг соғлом бўлиши ҳам она асаларининг сифатига боғлиқ экан. Беш йилгача яшаши мумкин бўлган она асалари икки ёшга киргач, тухум қўйиш қобилияти пасайиши кузатилади. Она асалариларни ҳар йили алмаштиришнинг сири ҳам шунда экан.
Моҳир педагог ва тажрибали асаларичи турмуш ўртоғи билан тўрт фарзандни тарбиялаб, камолга етказди. Ҳозир уч келиннинг меҳрибон қайнонаси ҳам. Менгнора устоз нафақат фарзандлари, балки келинларига ҳам етти хазинанинг бири бўлган асалари парваришлашни қунт билан ўргатган. Шифобахш неъматга меҳр қўйган оила аъзолари асалариларнинг учиб юриши ва унинг ишидан ўзгача завқ олиб, асал шайдоларига шифобахш неъмат улашишдан суюниб яшайди.
– Бу йил баҳорги ҳосилимиз андак кам бўлди, – дея суҳбатни давом эттиради Менгнора Жўраева. – 680 килодан ортиқ асал олдик. Биз миттигина бу ҳашаротларнинг меҳнатига ҳавас қилиб яшашдан, уларнинг бизга шифобахш бол инъом этишидан завқланамиз. Аслида асаларининг қанча асал бериши ҳар бир асалари оиласида турлича бўлади. Уларни яхши серасал ўсимликлар жойлашган ҳудудларда боқиш кўпроқ асал олишда муҳим ўрин тутади. Биз бу йил кузги ҳосилимизнинг салмоғи баландроқ бўлишини кутиб турибмиз.
Асаларичилар оиласида ҳар кимнинг ўз иши, ўз юмуши бор. Аммо асалари парвариши уларнинг ҳар бири учун иккинчи касб бўлиб қолгани ва улар митти ҳашаротларнинг атрофда тинимсиз учиб юришидан, заҳматли меҳнатидан завқу шавқ олиб яшаётгани эътиборга сазовордир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири