Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Денов туманлараро судининг 2020 йил 7 октябдаги буйруғи билан Зарифжон Холиёровдан собиқ турмуш ўртоғи фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзанди моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ҳужжат Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳужжати бўйича қарздор ота З.Холиёров Бюронинг туман бўлимига мурожаат қилиб, хорижга чиқиш истаги борлигини ва ўрнатилган чекловларни қонуний тартибда бекор қилишни сўраган.
Давлат ижрочилари З.Холиёровга алимент учун қўлланилган чекловларни бекор қилиш тартибларини тушунтиргач, турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда фарзандларининг моддий таъминоти учун 2021 йил 31 дееабргача ҳисобланган 50 миллион сўм алимент пулини олдиндан тўлаб берди.
Мазкур ҳолатда ундирувчининг аризасига асосан ижро ҳужжати қайтариб берилиб, Бюронинг туман бўлими томонидан алиментчи отага нисбатан қўлланилган барча чекловлар бекор қилинди.
Давлат ижрочилари З. Холиёровга келгусида келишув шартларини бузиб, алимент тўловларини тўлашдан бош тортса, ундирувчининг аризасига асосан ижро ҳужжати қайтадан иш юритувга олиниши ҳам тушунтирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА