Сурхондарё вилоятида сайланган маҳалла фуқаролар йиғини раисларига хизмат гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари тантанали топширилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ўзини ўзи бошқариш органини янада ривожлантиришнинг қонунчилик базаси мустаҳкамланиб, маҳалла институти такомиллашди. Халқни ягона мақсад йўлида тинч, фаровон ҳаётга етаклайдиган кучли жамоатчилик тузилмасига айланди. Одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш каби масалаларда халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажара бошлади. Маҳалла раисига янги тузилманинг бошида туриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишда бош ислоҳотчи вазифасини бажариш масъулияти юкланди.



Халқ депутатлари Шўрчи туман кенгашининг навбатдаги сессиясида жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтган сайловлар якуни юзасидан фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раисининг ҳисоботида шу ҳақда атрофлича фикр юритилди. Унда тумандаги 53 маҳаллада фуқаролар йиғини раиси сайлаб олингани алоҳида қайд этилди. Сайланган маҳалла раисларига хизмат гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилиб, уларнинг маҳаллани янги босқичда ривожлантиришига катта ишонч билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири