Пойгачилар бирин-кетин саф тортди. Унда иштирокчиларнинг ҳар бири турли машина билан пойгага тушди. Олдинги сафда ўзининг “Кобальт” русумли машинаси билан ўрин олган Парда Валиев “тойчоғи”нинг у ёқ, бу ёғини тортиб, мойини ҳам кўриб, пойгадан олдин ошхонага кириб, ўзини ҳам газлаб, қизиб йўлга чиқди. Пойганинг ярмига келганда унинг кўча бўйлаб юриши ҳакамларда шубҳа уйғотди.
Тўхтатиб соғлиғи мутахассис кўригидан ўтказилди. Юраги бир ярим баробар тез уриб, қинидан чиққудек бўляпти. Яхшилаб таҳлил қилиб кўрилганда қон таркибида қалқиб юрган спирт қолдиғи борлиги аниқланди.
Пойга ҳаками Парда Валиевни бир ярим йил машина рулини ушлашдан маҳрум этиб, пойга тартибига риоя этмагани учун унга беш миллион беш юзу етмиш беш минг сўм жарима солиб, пойгадан четлатди.
Ҳакамлардан бири ғизиллаб келаётган “Ласетти” эгаси, яъни навбатдаги пойгачи Анвар Тўраевнинг хавфсизлик камарини тақмасдан, ким биландир мендан кейин қайси машина келяпти, дея қўл телефонида гаплашганини кўриб қолиб, уни ҳам дарҳол тўхтатди. Ҳакам яқинлашгач, ундан ҳам ароқнинг ҳиди анқиб тургани сезилди. Ана холос! Яна бир пойгачи қовун тушириб қўйди. Уни ҳам дарҳол мутахассис кўригидан ўтказишди.
Шундоқ қилиб, Анвар Тўраев ҳам бир ярим йил “Ласетти”сининг эшигидан ичкари кирмайдиган бўлди. Кошки эди шу билан қутилса. “Сен ҳам пойга тартибига хилоф иш қилдинг”, дея бош ҳакам уч миллион уч юзу қирқ беш минг сўм жарима тўловини ҳам эслатди.
Пойгада ўзини синаб кўриш учун Зариф Тўраев ҳам “Нексия”си билан сафга келиб қўшилган эди. Айни пойга қизиган чоғи у панд бериб қўйди. Тезлиги ўхшамай келаётган Зарифни йўл четида транспорт воситаларини кузатиб турган ҳакам тўхтатди.
ЙҲХБдан тайинланган ҳакам унинг ҳужжатини сўраганда на машина ҳужжати, на суғуртаси йўқлигини сездириб қўйди. Машина ичидан ёқимсиз, қўланса ҳид келаётганини сезган сергак ҳакам уни ҳам мутахассис кўригидан ўтказиб, рулда спиртли ичимлик истеъмол қилганини аниқлади.
Зарифбой ҳам “Нексия”си билан бир ярим йилга хайрлашадиган бўлди. Ҳужжатлардаги камчиллиги учун уч миллион уч юзу қирқ беш минг сўм жарима ҳам ҳисобланди.
Ноодатий 01 чилар пойгасида иштирок этганлардан яна бири Али Каримовдир. У менинг спиртли ичимлик истеъмол қилиб, пойгага қўшилганимни ҳакамлар сезмаса керак, деган ўй билан кийимларини алмаштириб чиққан эди. “Нексия”сининг рақами панд бериб қўйди. ЙҲХБ томонидан қўйилган ишончли ҳакам унинг тойчоқдек елиб келаётган машинаси кўрсаткич таёғини кўтариб, “тўхта” ишорасини қилди. Алибой тормоз босса ҳам анчагина силжиб кетди. Катта йўл ўртасида “Нексия” балонидан қора чизиқ қолди.
Ҳалиги тўхтатган ҳакам Алибойга, “сиз “без” экансиз, қулоқсиз одам экансиз. Яқинда ҳам бир пойга қилиб, “чув” туширдингиз. Буниси иккинчи марта бўлиши. Ҳужжатсиз юрганингизнику уч марта эслатдик”, дея қаттиқ дашном ҳам берди.
Али Каримов бош ҳакамдан қилмишини яхшилаб ўйлаб кўриши учун роппа-роса ўн суткага бир кишилик “люкс” хонага йўлланма олди. Шунингдек, унинг қулоғига “ҳужжатларни тўғрилашни яна пайсалга солма” дея, давлат фойдасига икки миллион икки юзу ўттиз минг сўм жарима тўлашни шипшитиб қўйишди.
Пойгачилар сафида яна иккита “Дамас” ғизиллаганича манзилга етиш учун шошяпти. Қарши Мирзаев бошқариб келаётган “Дамас”ни огоҳлантириш учун тўхтатган ҳакам унинг ҳам ҳужжати йўқлигини сезиб қолди. Ҳайдовчи кўзини олиб қочишига қараганда бир гап боров, деб уни текшириб кўрса, оғзидан бадбўй ҳид келмоқда.
Бу қилмиши учун Қ.Мирзаев бир ярим йил машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, уч миллион уч юзу қирқ беш минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.
Иккинчи “Дамас” эгаси Ойбек Ҳайитовнинг ҳужжатлари жойида бўлса-да, у ҳам спиртли ичимлик дастидан пойгадан четлатилди. Эндиликда у ароғу пивонинг бадхўр ҳиди анқиб турган машинаси эшигини ўн саккиз ой очмайдиган бўлди. Ундан давлат фойдасига уч миллион уч юзу қирқ беш минг сўм жарима ундирилиши белгиланди.
Пойганинг охирида келаётган “Газ”ик ундан ўзиб кетган пойгачиларни етиб олиш учун оралиқ кўчадан кесиб ўтмоқчи бўлиб, марказий кўчадан ён кўчага машинасини буриб юборди. Зийрак ҳакамлар буни сезиб қолиб, машинани тўхтатди. Қарашсаки, машинадан нафасни қисувчи ҳид келмоқда. “Бетобга ўхшайсиз. Соғлиғингизни мутахассисга кўрсатишимиз керак. Машинани орқага буриб олинг” дейишганида ҳайдовчи Баҳром Ҳусанов бормайман, дея қаршилик қилди. ЙҲХБдан тайинланган ҳакам ҳам анойилардан эмас экан. Барибир унинг ичиб юрганини исботлади. Баҳром Ҳусанов ҳам 18 ой қадрдон “Газ”ини газ олдирмайдиган бўлди. Давлатнинг ишончли ҳакамларига бўйсунмагани учун ундан ҳам қўшимча уч миллион уч юзу қирқ беш минг сўм жарима ундирилди.
Бугунги репортажни шу ерда якунлаб, эслатиб қўймоқчимизки, Шўрчи туманидаги ноодатий “01 чилар” пойгасида иштирок этишдан эҳтиёт бўлинг. Акс ҳолда маҳалла-кўй олдида юзингиз шувут бўлиб қолади-я!
Пойга бош ҳаками: Музаффар ҲАКИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани суди раиси,
ёрдамчи ҳакам: Чори ҚОРАҚУЛОВ, суд маслаҳатчиси
ЎзА